Озарбайжон суди икки арман аскарини 11,5 йилга озодликдан маҳрум қилди
Олам
−
07 Июль 2023 3498 2 дақиқа
Озарбайжон давлат чегарасини бузганликда айбланган икки арман ҳарбий хизматчиси 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда бугун, 7 июль куни Озарбайжон ахборот агентлиги “Репорт” хабар берди.
“Оғир жиноятлар бўйича Сумгаит суди Озарбайжон давлат чегарасини бузишда айбланаётган Арманистон фуқаролари — ҳарбий хизматчилар Арутюн Овагимян ва Карен Ғазарянни 11 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилди”, дейилади хабарда.
26 май куни Озарбайжон Давлат чегара хизмати Арманистон Қуролли кучлари қўшинларининг диверсия гуруҳининг мамлакат чегарасини бузишга уриниши бостирилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, икки арман ҳарбий хизматчиси қўлга олинган, бузғунчи гуруҳнинг қолган аъзолари мураккаб рельефдан фойдаланиб, қочиб кетган.
27 май куни Бош прокуратура ва Давлат чегара хизмати ҳибсга олинган арман ҳарбийларига нисбатан Озарбайжон Жиноят кодексининг олти моддаси, жумладан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан келишилган ҳолда ўқотар қурол ва ўқ-дориларни олиб ўтиш, терроризм, миллий адоватни қўзғатишга қаратилган ҳаракатлар, Озарбайжон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев кеча, 5 июль куни Бакуда бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати мувофиқлаштирувчи бюросининг вазирлар йиғилишида сўзлаган нутқида Арманистон ҳақиқатан ҳам узоқ кутилган тинчликка эришишдан манфаатдор бўлса, унинг Қуролли кучлари Озарбайжоннинг Қорабоғ минтақасини бутунлай тарк этиши, бу ҳудуддаги арман ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган тузилмалари қуролсизлантирилиши кераклиги ҳақида гапирган эди.
Президентнинг қайд этишича, Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олишга мажбур бўлган бўлса-да, Россия тинчликпарвар кучлари вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудида ҳамон арман қуролли кучларининг қолдиқлари сақланиб қолган.
Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса Илҳом Алиевнинг бу айбловларини рад этди. Унинг айтишича, Арманистоннинг Тоғли Қорабоғда аскарлари йўқ. Тоғли Қорабоғда Тоғли Қорабоғ мудофаа армияси фаолият юритади.