Озарбайжон Россия Мудофаа вазирлиги баёнотини рад этди
Олам
−
28 Март 2022
10729Озарбайжон ҳарбийлари Фаррух (Фурух) қишлоғи ва Қорабоғдаги энг яқин баландликлардаги ўз позицияларида қолишда давом этмоқда, дея хабар берди Озарбайжон Мудофаа вазирлиги.
“Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги 27 мартдаги баёнотида ҳақиқатга тўғри келмайдиган бир қатор ҳолатларни кўрсатган. Хусусан, Фаррух қишлоғи ва унга яқин баландликлардаги позицияларда ўзгаришлар кузатилмаган. Озарбайжон ҳарбийлари бу позициялардан чекингани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, армиямиз оператив вазиятни тўлиқ назорат қиляпти”, дейилади хабарда.
Вазирлик, шунингдек, “Россия Мудофаа вазирлиги томонидан тарқатилган Озарбайжон томони ўт очишни тўхтатиш режимини бузгани ва Озарбайжон ҳарбийлари жароҳат олгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини” таъкидлаган.
“Россия Мудофаа вазирлигининг 26 ва 27 мартдаги баёнотларида “Тоғли Қорабоғ” атамасининг қўлланилиши Озарбайжон Республикасининг халқаро ҳамжамият, жумладан, Россия Федерацияси томонидан тан олинган ва қабул қилинган ҳудудий яхлитлигига ҳурматсизликдир”, дея қўшимча қилган Озарбайжон Мудофаа вазирлиги.
Аввалроқ, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат жорий қилингани ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳарбийлари тинчликпарвар кучлари жавобгарлигидаги ҳудудларга кирганини эълон қилганди.
Ўз навбатида Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғда Россия тинчликпарвар контингенти жойлаштирилган ҳудудда қуролли ҳодиса рўй бергани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Мудофаа вазирлигига кўра, кеча, 26 март куни эрталаб ноқонуний арман қуролли кучлари аъзолари Озарбайжон армиясига ҳужум қилишга уринган. Зудлик билан амалга оширилган ҳаракат ноқонуний арман ҳарбийларини аъзоларини тарк этишга мажбур қилган.
Кейинроқ Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги, шунингдек, музокаралар якунларига кўра, Озарбайжон томони Фурух аҳоли пункти ҳудудидан ўз бўлинмаларини олиб чиққанини таъкидлаганди.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси