Алиев Путинга душманликдан қўрқмаяпти
Таҳлил
−
13 Февраль
145422024 йилнинг 25 декабрида Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолёти жиддий тахминларга кўра, Грозний осмонидаги ташқи таъсирлар туфайли Қозоғистонга йўналиш олиб, шу ерда қулагандан сўнг, Баку ва Москва муносабатлари қил устида қолмоқда. Бу муаммо cобиқ совет республикалари билан тенг муносабатларни хушламайдиган Кремлнинг 25 йиллик эгасининг Алиевдан узр сўрашлари билан ҳам ҳал бўлганича йўқ. Чунки Озарбайжон Президенти томонидан қўйилган яна иккита талаб ҳали ҳам Путин томонидан бажарилмади. Расмий Баку Кремль айбни тан олиши, ҳалокатга сабабчи бўлган айбдорларни жазолаши ва қурбонларнинг оилаларига компенсация тўланишини кутмоқда. Алиев авиаҳалокат юзасидан тергов натижалари тўлиқ якунланмасидан олдин аллақачон ўз ҳақиқати сифатида Россияни шубҳасиз воқеа учун ягона айбдор сифатида кўряпти. Унинг бу позицияси Embraer 190’нинг “қора қути”лари таҳлил қилиш учун Бразилияга етказилиши ва маълум вақт ўтиб, “қора қути” маълумотларини декодлаш якунланиб, терговга раҳбарлик қилаётган Қозоғистон уларни Россия ва Озарбайжонга тақдим этганидан олдин ҳам кейин ҳам деярли ўзгаришсиз қолмоқда. Чунки бу бугунги Баку ва Москва ўртасидаги зиддият борган сари таранглашаётганида намоён бўляпти. Демак, расмий Баку ва Кремлда воқеанинг дастлабки аниқ тафсилотлари бор ва воқеалар ривожи шунга қараб йўналиш олмоқда. Аниқроғи, Озарбайжон Россияни турли йўсинда жазолаш ҳаракатларини бошлаб юборди.
Дастлабки тергов хулосаси Москвага ишора қилганмиди?
Қозоғистон Транспорт вазири ўринбосари Талгат Ластаев Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли Embraer 190 самолётининг ҳалокатга учрашини текшириш бўйича тузилган Қозоғистон ҳукумат комиссияси ҳисоботни 30 кун ичида тақдим этишини билдирди. Қозоғистон Транспорт вазирлиги Ақтау яқинида ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўллари самолёти бўйича терговнинг дастлабки натижаларини акс эттирувчи ҳисоботни эълон қилди. Мазкур ҳисобот билан ҳодисанинг бир қатор янги тафсилотлари маълум бўлди. Вазирликка кўра, самолётдаги ёнғиннинг асосий манбаи ўнг қанот, фюзеляж (самолёт танаси)нинг бурун ва марказий қисмлари ҳамда чап қаноти бўлган. Мутахассислар фюзеляжнинг қуйруқ қисмида, вертикал стабилизатор ва рулда турли ўлчам ва шаклдаги кўплаб очиқ ва ноаниқ шикастланишларни аниқлади. Худди шундай шикастланишлар самолётнинг чап двигатели ва чап қанотида ҳам аниқланган. Баъзи жойлардаги тешиклар тўртбурчаклар шаклида бўлган.
Қозоғистонда тузилган тергов комиссияси ушбу ҳисоботни тайёрлашга Озарбайжон вакилларини ҳам жалб қилган ҳолда дастлабки ҳисоботда қуйидаги қолган фактларни ҳам тасдиқлади: Жумладан, 2024 йил 25 декабрда Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳридан Россия Федерациясининг Грозний шаҳрига мунтазам рейсни амалга оширган. “Озарбайжон ҳаво йўлларига тегишли Embraer 190 йўловчи самолёти ҳавога кўтарилганда ва Грознийга парвоз пайтида парвозга тўлақонли яроқли ҳолатда бўлган. Самолётнинг иккала двигатели ҳам воқеа содир бўлгунга қадар ҳеч қандай техник носозликларга учрамаган. Самолёт Россия Федерацияси ҳаво ҳудудида, жумладан, Грозний аэропорти устида парвоз операцияларини бажариш чоғида GPS сигналларини йўқотган. Самолёт Грозний устидан иккинчи қўнишни амалга ошира олмаганидан сўнг капитан Бакуга қайтишга қарор қилган. Ушбу қарор қабул қилингандан сўнг Грозний устида 24 сония оралиғида иккита бегона шовқин қайд этилган. Самолётнинг фюзеляжида кўп сонли кириб борувчи ва кўр-кўрона шикастланишлар борлиги аниқланиб, фото ва видео тасвирга олинган. Самолёт фюзеляжида бегона жисмларнинг таъсири оқибатида аниқланган шикастланишлар ҳосил бўлиши ҳақида ҳам маълумот берилган. Дастлабки ҳисоботда қушларнинг урилиши ҳақида ҳеч қандай асосли маълумот йўқ. Кислород баллони портлаш фактини ўз ичига олган маълумотлар ҳам қайд этилмаган. Чикаго конвенциясига кўра, дастлабки ҳисобот тайёрлангач, воқеа содир бўлган кундан бошлаб 1 йил ичида авария сабаблари бўйича якуний ҳисобот тайёрланиши керак. Қозоғистон Республикаси ва терговда иштирок этаётган бошқа давлатлар томонидан якуний ҳисоботни тайёрлаш бўйича ишлар аллақачон бошланган. Аммо тармоқларда юқорида қисқача тўхталиб ўтганимиз, 53 бетли илк тергов ҳисоботида қайд этилмаган маълумотлар ҳам тарқамоқда. Жумладан, “Reuters” Озарбайжон ҳукуматидаги манбасига таянган ҳолда Ақтау шаҳрига яқин жойда қулаб тушган Embraer 190 самолёти Россиянинг “Панцирь-С1” ҳаво мудофаа тизими ракетаси томонидан уриб туширилгани ҳақида хабар берди.
Озарбайжоннинг қасос зарбалари
Самолёт ҳалокати ҳақидаги энг кенг тарқалган версиялардан бири бу Украина дронлари ва уларга қарши ишлаган Россия ҳаво мудофааси тизими билан боғлиқ. Яъни ижтимоий тармоқларда урчиган бундай вариантга кўра, Украина Россияга дрон ҳужуми уюштирган пайтда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари фаол бўлган ҳолда Озарбайжон самолётига зарба бериб юборган бўлиши ёки Украина дронининг ўзи бунга айбдор бўлиши мумкин. Айни пайтда соғлом фикрга эга бўлган бирор-бир инсон томонидан жиддий қабул қилинмайдиган рус пропагандаси мазкур версия орқали айбни Украинага буришга ҳаракат қилди. Бироқ ҳаммаси бефойда кетган кўринади. Бу версияни бекорга ёдга олмадик. 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Алиев матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув Украина томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган. Раҳбарлар учрашувда икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги алоқалар, энергетика соҳасида ҳамкорлик ҳамда минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинган. Бундан ташқари, 5 февраль куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Украинага гуманитар ёрдам кўрсатиш учун бир миллион доллар маблағ ажратиш тўғрисидаги фармонни ҳам имзолади. Ушбу маблағлар эса Президентнинг захира жамғармасидан ажратилган ва улар Украинага Озарбайжонда ишлаб чиқарилган электр жиҳозларини харид қилиш ва жўнатиш учун берилди. Шунингдек, фармонда Украинадаги сўнгги вазият муносабати билан Озарбайжон ҳукумати Украина халқига бир неча бор инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳам қайд этилган. Фармонда ёзилганидек, Алиев Киевга босқин давомида қатор гуманитар ёрдамлар тақдим қилган. Маълумотларга кўра, Россия босқини бошлангандан буён то шу кунгача Озарбайжон Украинага 40 миллион долларлик ёрдам берган. Аммо айнан ҳозир дабдурустдан 1 миллион долларлик ушбу ёрдам Москвага берилган биринчи сигнал сифатида баҳоланиши ҳам мумкин. Зеро, бундай сигналлар кейинчалик тўғридан тўғри “зарба”лар берилиши билан давом этди.
Кейинги зарба Россиянинг “юмшоқ кучи”га
Озарбайжон ҳукумати Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлган Евгений Примаков бошчилигидаги “Россотрудничество” ёки “рус уйи” ҳам деб номланадиган Кремлнинг дунё давлатларидаги “юмшоқ кучи” бўлган ташкилот ёпилиши ҳақида хабар берди. Бу Украинага берилган 1 миллион долларлик гуманитар ёрдамдан бир кун, 6 февралдан ўтиб, содир бўлди. Озар маҳаллий матбуотининг ёзишича, ҳукумат ўзининг бу қарорини мамлакат эндиликда ташқи аралашувга тоқат қилмаслиги билан боғлади. Бу Озарбайжонда фаолияти тўхтатилган биринчи “юмшоқ куч” ҳисобланадиган ташкилот эмас. Чунки аввалроқ, Озарбайжонда Америка халқаро тараққиёт агентлиги USAID офиси ёпилган эди. Иккала ташкилот ҳам ўзи тегишли бўлган давлатнинг “юмшоқ куч”и ҳисобланади. Россия томонига “Россотрудничество” фаолиятини тўхтатиш тўғрисида расмий хабарнома юборилган. Озарбайжон ҳукумати “рус уйи”нинг ёпилиш сабаби сифатида унинг юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаганлиги билан изоҳлади. Аммо “Россотрудничество” раҳбари Евгений Примаковнинг айтишича, ташкилотнинг ўзи кўп йиллар давомида бир неча бор рўйхатдан ўтишни талаб қилган, аммо уларнинг бу мурожаатлари жавобсиз қолган.
“Гап шундаки, Россиянинг Озарбайжон Республикасидаги элчихонаси, ваколатхонамиз ва Ташқи ишлар вазирлиги бу йиллар давомида кўп маротаба Адлия вазирлигига, Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига рўйхатдан ўтишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Биз ҳар доим бунга тайёр эдик, аммо бизнинг мурожаатларимиз жавобсиз қолди”, дейди у.
“Россотрудничество” – рус тарғибот қуроли
“Россотрудничество” нима, у бошқа мамлакатларда нималар қилади? Мазкур агентлик 2008 йилда ўша пайтда номигагина бир муддат Россия Президенти сифатида фаолият юритган Дмитрий Медведев томонидан Россиянинг асосан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги таъсирини сақлаб қолиш ва Россиянинг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини илгари суриш учун дўстона алоқаларни ривожлантириш мақсадида тузилган. “Россотрудничество”ни маълум маънода айни дамда тақдири хавф остида қолган АҚШ тараққиёт агентлиги – USAID’нинг русча варианти десак ҳам бўлади. Фақат USAID’нинг ўтакетган “эгоист” версияси. Негаки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, чет элда яшовчи руслар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлик – “Россотрудничество” Россия Федерациясининг федерал ижроия органи ҳисобланади. Россия Федерациясининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар, бошқа хорижий давлатлар билан халқаро муносабатларини таъминлаш ва ривожлантириш соҳасида, шунингдек ,халқаро гуманитар ҳамкорлик соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат мулкини бошқариш функцияларини амалга оширади. Аммо бу масштаб фақат МДҲ билан чекланиб қолмайди. Айни дамда агентлик 71 та давлатда фаолият юритиши ва бу асосан, Марказий Осиё, Лотин Америкаси, Шарқий Европа ва бошқа ҳудудларда мавжуд. Лекин “рус уйи” барибир кўпроқ МДҲда Россия ўз таъсирини сақлаб қолиш йўлида хизмат қилади. Бунинг учун миллиардлаб пуллар ҳам сарфланади. Хорижда Россиянинг объектив ғоясини тарқатишга қаратилган бу ташкилот мавжуд мамлакатларда турли тадбирларни ташкил қилади, фестиваллар, кўргазмалар, концертлар, конференциялар ўтказади. Грантлар ажратиш, рус маданияти ҳақида маълумотлар тарқатишга мўлжалланган ахборот марказларини яратиш ҳам “рус уйи” функцияларига киради.
Бироқ Россиянинг Украинага босқини бошланганидан кўп ўтмай, ташкилотнинг асл башараси очилгандек бўлди. Бу пайтда “Россотрудничество” фаолияти экспертлар назарига тушди ва улар томонидан салбий баҳоланди. Чунки ташкилот аралашуви гумони билан Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватлаш учун 2022 йил апрель ойида Европа бўйлаб синхрон россияпараст оммавий митинглар, намойишлар ва автомобиль конвойларини ташкил этиш каби ҳолатлар кузатилгани қайд этилди. Шу боис, 2022 йил июль ойида Европа Иттифоқи “Россотрудничество”га Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказадиган ёки таҳдид соладиган ҳаракатлар ёки босқин сиёсатини қўллаб-қувватлаш айби билан санкциялар киритди. Кейинчалик Канада ҳам Россиянинг Украинага асоссиз ҳужумини қўллаб-қувватлагани учун агентликка санкциялар киритди. Украинанинг ўзидаги ташкилот “рус уйи” эса 2021 йилдан бери санкциялар остида.
Ҳа, айтганча, бу ташкилот МДҲнинг бир қанча мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам мавжуд. “Россотрудничество” ваколатхонаси ўз фаолиятини Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси умумий раҳбарлиги ва назорати остида амалга ошириши белгиланган. Ташкилот расмий сайтида ёзилишича, “Россотрудничество” ваколатхонасининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти 2001 йилдан буён шу ерда фаолият олиб борадиган Россия фан ва маданият маркази негизида қуйидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади:
Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида давлатлараро муносабатлар, дўстлик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги 1992 йил 30 майдаги шартнома;
Россия Федерацияси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида 1998 йил 6 майдаги ахборот-маданий марказларни ташкил этиш ва фаолият кўрсатиш шартлари тўғрисидаги битим;
Россия Федерацияси Президентининг 2009 йил 13 ноябрдаги 1283-сонли “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ишлари бўйича Федерал агентлиги, чет элда яшовчи ватандошлар ва Россия Федерациясидан ташқарида халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича ваколатхоналар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони.
Қизиғи шундаки, ташкилотнинг расмий сайтида “Россотрудничество” ваколатхонаси ўз фаолиятида Россия Федерацияси Конституцияси, федерал конституциявий қонунлар ва федерал қонунлар, Россия Федерацияси Президентининг фармонлари ва фармойишлари, Россия Федерацияси ҳукуматининг қарорлари ва фармойишлари, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, “Россотрудничество” қарорлари ва раҳбариятининг кўрсатмалари, шунингдек, Россия Федерациясининг халқаро шартномалари ва энг охирида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига амал қилиши ёзиб қўйилган. Ўзбекистонда фаолият юритишига қарамай, ўз сайтида Россия Федерациясининг ўнлаб қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қаторлаштириб ташлаган “Россотрудничество” шунчаки бир оғиз сўз билан “Ўзбекистон қонунчилигига амал қилади” деган ҳолда, миллий қонунчиликдаги қайси ҳужжатлар ва қонунларга бўйсунишни қайд этишга эринган чоғи.
“Россотрудничество” ваколатхонаси раҳбари ўз фаолиятини Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси билан мувофиқлаштиради, унга ўз ваколатларини амалга оширишда ёрдам беради ва ўз иши тўғрисида мунтазам равишда хабардор қилади. 2022 йил июль ойида ташкилот ЕИ санкцияларига киритилган пайтда унинг Тошкентдаги ваколатхонаси янги бинога кўчиб ўтди ва ҳозирда Тошкент марказида Космонавтлар метросидан 5 дақиқалик пиёда масофада жойлашган Юнус Ражабий кўчаси 63-уйда фаолият юритиб келади. 2023 йил август ойидан бошлаб Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси даражасидаги “Россотрудничество” ваколатхонасининг раҳбари этиб Ирина Александровна Старосельская тайинланганди.
Собиқ боксчи Валуев Озарбайжонга киритилмайди
Баку Россиянинг давлат томонидан молиялаштириладиган маданий дипломатик қуроли “Россотрудничество”нинг мамлакатдаги филиалини ёпишни буюргандан сўнг бунга жавобан Николай Валуев Москва Россиядаги этник озарларни ва уларнинг молиявий операцияларини нишонга олиши мумкинлигини айтганди. Ҳа, бу ўша россиялик супероғир вазндаги машҳур собиқ боксчи Николай Валуев эди. У айни дамда Россия Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб фаолият юритади. Кўпчилик Валуевни 2007 йилда супероғир вазн тоифасида WBC камари учун ўзбекистонлик Руслан Чагаев билан жанг қилиб, имкониятни бой бергани ва жанг давомида анчагина савалангани билан эслайди. Чагаевнинг “штурм”ларидан аранг омон қолган ўша Валуев бугунга келиб, ўзининг озар миллатига қарши берган ноўрин баёноти туфайли Озарбайжон Республикасига кириш тақиқланди. Бу ҳақда Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизода маҳаллий ОАВга маълум қилиб, Николай Валуевнинг Озарбайжон давлати ва халқига нисбатан ҳақоратомуз ва таҳдидли баёнотларини мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини айтди.
“Айтилган депутатнинг Озарбайжонга қарши баёнотлари муносабати билан унинг исми Озарбайжон Республикасига кириши тақиқланган шахслар рўйхатига киритилган ва мамлакатимизга кириши тақиқланган. Умуман олганда, шуни таъкидлашни истардикки, бу Давлат Думаси депутатлари “номақбул шахслар” рўйхатига киритилган биринчи ҳолат эмас. Масалан, Озарбайжондаги тегишли рўйхатга аввалроқ Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши ҳаракат қилган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат Думаси МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Константин Затулин ва Оилани ҳимоя қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Виталий Милоновлар ҳам киритилганди. Таассуф билан қайд этмоқчимизки, мамлакатимизга қарши иш олиб бораётган бу депутатларнинг барчаси Россиянинг ҳукмрон “Ягона Россия” партияси аъзоларидир. Мамлакатимиз ва Озарбайжон халқининг суверенитети, ҳудудий яхлитлигига қарши ҳаракат қилаётган бундай шахсларга нисбатан мамлакатимиз қонунчилиги доирасида тегишли чоралар кўрилиши давом эттирилади”, дейди Ҳожизода.
Россия Давлат Думаси депутати Николай Валуевнинг бу баёноти кишини ажаблантирмайди, очиғи. Чунки бу Дума аллақачон Россиянинг қўшниларига, ҳамкорларига ва стратегик шерикларига “ўқ отиш” учун мўлжалланган полигонга айланиб бўлган. Бири бошқа мамлакат қонунчилигини оёқ ости қилиб, Украинага қилинган босқинда рус армиясига жиноий равишда қўшилган фуқароларини қонунчиликка биноан қамаган давлатга дағдаға қилади, бошқалари эса мигрантларга “ит”дек муносабатда бўлишни қўллаб-қувватлайди. Сенаторларнинг Украина тақдирини эслатиб, таҳдид қилиши эса ҳаммасидан ошиб тушади. Умуман олганда, бу ерда фаолият юритадиган шахслар бир қарашда қонунчи эмас, балки Путиннинг кўнглидаги истагини чурқ этмай бажарадиган ёлланма аскар каби кўринади.
LiveБарчаси