ОТМлар ходимлари қўшимча моддий рағбатлантирилади
Жамият
−
27 Август 2020
9056Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкмасининг “Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан Республика олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантириш пул мукофотлари кўринишида, шунингдек, меҳнат фаолиятида юқори ижодий ва ишлаб чиқаришдаги эришган ютуқлари учун олий таълим муассасаси раҳбарияти томонидан асосий иш ҳақига устама ва қўшимча ҳақлар белгилаш орқали бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
Пул мукофотлари, устамалар ва қўшимча ҳақлар миқдори ҳар бир ходимнинг олий таълим муассасаси фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссасига қараб белгиланади.
Тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан кўп бўлмаган қисми таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва бошқа тоифадаги ходимларини моддий рағбатлантиришга сарфланиши мумкин. Бунда моддий рағбатлантириш билан боғлиқ харажатлар олий таълим муассасасининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб, бирламчи харажатларни қоплаганидан сўнг амалга оширилади.
Шунингдек, қарор билан кундузги таълим шакли бўйича бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қараб бир ўқитувчига тўғри келадиган талабалар сони нисбатининг чекланган нормативлари
• 2009/2010 ўқув йилидан бошлаб – 1:10,5;
• 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб – 1:12,0;
• 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб – 1:14,0;
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб – 1:16,0 нисбатда белгиланиб, олий таълим муассасаси кенгашларига зарур ҳолларда, мазкур нисбатларни 50 фоизгача ўзгартириш ваколати берилди.