ОТМларга халқаро таълим стандартлари ва баҳолаш меъёрлари жорий этилади
Жамият
−
21 Ноябрь 2019
4468Ўзбекистон олий ўқув юртларининг рейтинги оширилади, уларни дунёдаги энг яхши 1000 та университетлар рўйхатига киритилади. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси тўғрисида"ги қарори лойиҳасида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга мувофиқ:
• билимлар, инновациялар ва технологияларнинг асосий йўналишлари бўйича миллий электрон таълим ресурслари тизими такомиллаштирилади, шунингдек, ички ва жаҳон таълим ресурсларидан осон фойдаланиш имкониятлари таъминланади;
• рақобатбардош, сифатли таълим тизими шакллантирилади ва аҳолининг узлуксиз таълим олиши учун имкониятлар яратилади, чет эл фуқароларини Ўзбекистон олий ўқув юртларига ва касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга жалб этилади;
• халқаро таълим стандартларини ва ўқитиш сифатини баҳолаш меъёрларини жорий этиш орқали олий ва касб-ҳунар таълими муассасаларининг самарадорлиги оширилади;
• Ўзбекистон олий ўқув юртларининг рейтинги оширилади, уларни дунёдаги энг яхши 1000 та университетлар рўйхатига киритилади;
• олий ўқув юртларининг халқаро илмий-маърифий фаолияти кучайтирилади, Ўзбекистон илмий ва эксперт ҳамжамиятининг халқаро ахборот-коммуникация маконига тизимли интеграциялашуви таъминланади;
• республиканинг академик салоҳияти мустаҳкамланади, шу жумладан илмий ишларнинг даражаси ва сифати оширилади, уларнинг халқаро миқёсда тан олинишига эришилади;
• Олий ўқув юртларида замонавий билим ва малакага эга ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ва чет тилларини пухта ўзлаштирган кадрларни тайёрлаш сифати оширилади;
• Ўзбекистонда халқаро миқёсда тан олинган илмий мактаблар (таниқли олимлар учун), миллий экспертлар ҳамжамиятларининг шаклланишига кўмаклашилади;
• илмий тадқиқотлар олиб бориш ва инновацион фаолият рағбатлантирилади, ишлаб чиқариш жараёнига илмий ва инновацион ишланмалар ва технологияларнинг киритилишини таъминлаш бўйича самарали механизмлар яратилади;
• илмий ишланмалар тижоратлаштирилади, таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро яқин интеграцияси таъминланади, илмий-тадқиқот ишларига иқтидорли ёшлар жалб қилинади ва улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳага ўзгартиришлар киритилиши ёки тасдиқланмаслиги мумкин.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси