ОТМларда Президент гранти ва қизлар учун махсус стипендия таъсис этилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартиришлар киритилади. Тегишли қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Унга мувофиқ, Номли давлат стипендиялари соҳибларига умумий тартибда ўзлаштираётган талабаларга белгиланадиган миқдордаги стипендиялар тайинланмайди.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари бакалавриати кундузги бўлимига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган (гранд ҳамда тўлов-шартнома асосида) 200 нафар ёшлар учун бутун ўқиш даври давомида Президент гранти стипендияси жорий этилади.

Бунда, қонун ҳужжатларига мувофиқ олий таълим муассасасига киришда қўшимча балл шаклида имтиёз бериладиган тоифадаги абитуриентлар учун кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўплаган балига нисбатан қўшилган балл ҳисобланмаган ҳолда татбиқ этилади.

Мазкур тартиб рўйхат бўйича 200-ўринда турган талаба тўплаган баллга тенг балл тўплаган барча талабаларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Президент гранти стипендияси соҳиби бўлган талабалар рўйхати ҳар йили кириш имтиҳонлари танлов натижалари эълон қилинган кундан сўнг 10 кун муддатда Давлат тест маркази томонидан тасдиқланган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига олий таълим муассасалари кесимида тақдим этилади.

Президент гранти соҳиби бўлган биринчи курс талабаларига ўқув йилининг 1-семестри мобайнида Президент стипендияси миқдорига тенг бўлган миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.

Ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлган (курс иши, курс лойиҳаси, амалиёт ва харбий тайёргарлик учун олган баҳолар бундан мустасно) талабаларга Президент стипендиясини тўлаш давом эттирилади.

Ўқув семестри натижаларига кўра камида битта фандан ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” баҳо бўлмаганда, Президент гранти соҳиби бўлган талабаларга келгуси ўқув семестри мобайнида умумий тартибда ўзлаштираётган талабаларга белгиланган миқдорда стипендия тайинланади ва тўланади.

Навбатдаги ўқув семестри натижаларига кўра барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо бўлган, даставвал Президент гранти стипендияси соҳиби бўлган талабаларга Президент стипендияси миқдорига тенг бўлган миқдорда стипендия қайта тайинланади ва тўланади.

Бундан ташқари, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб “аъло" баҳоларга ўқиётган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъи назар талаба қизларни моддий қўллаб-қувватлаш учун ойма-ой тўланадиган “қизлар учун махсус стипендия” жорий (тасис) этилади.

Бунда, уларга олий таълим муассасалари томонидан белгиланган амалдаги  стипендия миқдорлари сақлаб қолинган ҳолда қўшимча тарзда базавий стипендия миқдорида махсус стипендия белгиланади.

Олий таълим муассасаси томонидан ушбу стипендияга номзод қизларни танлаб олиш учун ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичлари фақат “аъло” баҳо бўлганлиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги каби мезонларни назарда тутувчи алоҳида Тартиб ишлаб чиқилади.

Давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талаба қизларга “қизлар учун махсус стипендия” тайинлаш олий таълим муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланган Тартибга мувофиқ аниқланади ва олий таълим муассасаси ректори (филиал директори)  буйруғи асосида расмийлаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ стипендия

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг