ОТМга кириш имтиҳонида қатнашиш нега пуллик бўляпти? Расмийлар жавоб берди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик. 

Қарор билан олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробарига тенг миқдорида йиғим ундирилиши (тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар, I ва II гуруҳ ногиронлар бундан мустасно) кўзда тутилмоқда. Хўш, бу нима дегани? Бу пуллар нималарга сарфланади?

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва  оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-холида Ўзбекистонда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тест синовларига киритилган муҳим ўзгаришларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда. Анжуманда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов иштирок этмоқда. 

Матбуот анжуманида Давлат тест маркази расмийлари томонидан маълум қилинишича, жорий йилда мактаб, лицей ва коллежларни якунлаган битирувчилар учун тест синовлари мутлақо бепул, ҳеч қандай тўловларсиз ўтказиш тартиби сақланиб қолинмоқда. Шу билан бирга, ўтган йил ва ундан олдинги даврда ўқишни тугатган абитуриентлар тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида тўловни амалга ошириш тартиби таклиф қилинмоқда. 

Абитуриентлардан тушган тўловлар тест синовларини янада сифатли ва қулай шароитларда ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиявий таъминлашга йўналтирилиши режалаштирилган. Ушбу маблағлар биноларнинг ижара тўловига, катта қувватли кондиционерлар, шахсни аниқлаш ва кузатиш камераси, ота-оналар учун мониторлар билан жиҳозлашга ҳамда абитуриентларни ичимлик суви ва ручка билан таъминлашга йўналтирилади.

Шу билан бирга, тест синовларини ташкил этиш қўшимча молиявий маблағларни талаб этади ва абитуриентлардан тушадиган тўловлар мавжуд харажатларни тўлиқ қоплаш учун етарли деб бўлмайди. Улар жумласига тўрт мингдан ортиқ гуруҳ назоратчиларига тўланадиган иш ҳақи, уларга ташкил этиладиган тушлик, тест материалларини сифатли тайёрлаш, ўз вақтида белгиланган жойларга етказиб бериш, олиб келиш, сақлаш ва шу кабилар киради.
 


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ Давлат тест маркази Кириш имтиҳони

Баҳолаганлар

187

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг