ОТМга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланади
Жамият
−
17 Март 2020
13369Ўзбекистонда талабаларни соҳаларга кўра давлат буюртмаси асосида олий таълимга қамраб олиш амалиётига алоҳида эътибор берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги фармони лойиҳасида қайд этилган.
Лойиҳага асосан Республика иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали мутахассисларни сифатли тайёрлашни таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш умумий параметрлари тасдиқланади.
Шунингдек, давлат буюртмасининг кутилаётган квотаси ҳам белгилаб олинади.
Хусусан, бакалаврлар тайёрлаш бўйича:
• кундузги таълим шаклига – 101 555 нафар;
• сиртқи таълим шаклига – 25 863 нафар;
• кечки таълим шаклига – 4 368 нафар;
магистрлар тайёрлаш бўйича – 10 643 нафар этиб тасдиқланади.
Ҳужжатда белгиланишича:
• олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ажратиладиган қабул параметрлари босқичма-босқич 2022-2023 ўқув йилига қадар (2020-2022 молия йиллари мобайнида) 2019-2020 ўқув йилига нисбатан икки баробарга оширилади;
• 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномага эга бўлган қизлар учун кундузги таълим шакли бўйича тасдиқланган давлат грантларига нисбатан 4 фоиз миқдорда алоҳида грант ўринлари ажратилади;
• 2020/2021 ўқув йилида “130 000 – Математика”, “140 000 – Табиий фанлар” таълим соҳалари бўйича магистратура мутахассислири учун давлат буюртмаси параметрлари тўлиқ давлат гранти асосида амалга оширилади;
• кадрлар буюртмачиларининг эҳтиёжини аниқлаш жараёнига рақамли ечимларни қўллаш мақсадида, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кадрлар буюртмачиларини эҳтиёжлари тўлиқ автоматлаштирилган тарзда Ахборот тизими – new.mineconomy.uz/quota портали орқали шакллантирилади.