ОТМ битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича янги дастур ишга тушади
Жамият
−
18 Февраль
5461ОТМ битирувчиларини ишга жойлашишига кўмаклашувчи “Келажакка қадам” дастури амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жорий йил 14 февраль куни қабул қилинган “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, олий таълим ташкилотларининг битирувчиларининг ишга жойлаштиришига кўмаклашишга қаратилган қуйидагиларни назарда тутувчи “Келажакка қадам” дастури амалга оширилади:
- ўз бизнес ғояларини амалга ошириш истаги бўлган олий таълим ташкилотларининг битирувчи босқич талабалари учун бизнес ғояни тайёр лойиҳагача олиб бориш жараёнида тўлиқ ҳамроҳлик қилиш, шу жумладан қулай шартларда молиялаштириш;
- олий таълим ташкилотларининг битирувчи ва қуйи босқич талабалари ўртасида соҳалар бўйича очиқ танловлар ўтказиш ва ғолибларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш.
Бунда:
- салоҳиятли иш берувчи ташкилотлар, шу жумладан йирик корхоналарнинг олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёжини аниқлаш ва мутахассисларга қўйиладиган талабларни шакллантириш амалиёти йўлга қўйилади;
- танлов ғолибларини салоҳиятли иш берувчи ташкилотлар буюртмасига кўра индивидуал касбий таълим дастурлари асосида касбга дастлабки тайёрлаш тадбирлари молиялаштирилади;
- индивидуал касбий таълим дастурларида ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташ ва чет элдаги олий таълим ташкилотларида қисқа муддатли ўқув курсларида қатнашиш имконияти яратилади.
Эслатиб ўтамиз, 14 февраль куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан ўтказган мулоқотида Ўзбекистонда эндиликда камбағал оила фарзандига қўшимча грант ажратилиши, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилиши айтилган эди. Мулоқотда камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали ечими таълим экани таъкидланган. Шунга кўра, кам таъминланган оилада ҳеч бўлмаганда битта фарзанд олий маълумотли бўлиши учун зарур шароитлар яратилади. Эндиликда камбағал оиланинг фарзандига таълим кредити фоизсиз берилади, қўшимча грант ажратилади, контракт тўловининг бир қисми қоплаб берилади.
LiveБарчаси