Отабек Умаров ООК вице-президентлигига сайланди
Спорт
−
08 Сентябрь
60903Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида Осиё Олимпия кенгашининг 44-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди ва унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистон аъзо бўлган Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси маълум қилди.
Шунингдек, ассамблея кун тартибига мувофиқ ташкилотнинг бошқа раҳбарлик лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди. Ташкилотнинг муваққат раҳбари бўлган Ража Рандҳир Сингх президент этиб сайланди.
Тадбирда Отабек Умаров қитъа спорти жаҳонда янада катта эътирофга сазовор бўлаётгани, бунинг исботи ўлароқ Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларида Осиёнинг 4 давлати топ-15 таликдан жой олгани, Президент Шавкат Мирзиёевнинг спортни қўллаб-қувватлашлари билан Ўзбекистон ўз тарихида энг яхши натижани қўлга киритганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, билдирилган ишончни оқлашга, минтақада Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини янада кенг тарғиб қилишга ваъда берди.
Маълумот учун, бунгача Отабек Умаров “Тошкент-2025” ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича вице-президент бўлган. Агар бу вақтинчалик лавозим мусобақа охиригача амал қилса, Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президент лавозими доимий характерга эга бўлади. Энди Умаров қитъанинг бешта минтақасидан бирида Олимпия спортини ривожлантириш учун жавоб беради.
LiveБарчаси