Отабек Умаров дзюдо ва теннис федерациялари режалари билан танишди
Спорт
−
03 Декабрь
5192Кеча, 2 декабрь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти биринчи ўринбосари Отабек Умаров Олимпия даврига тайёргарлик режалари билан танишиб, дзюдо ва теннис федерацияси вакилларининг тақдимотини кўздан кечирди.
МОҚ мутасаддилари даставвал дзюдо спортининг режалари билан танишди. Тақдимотни федерация раиси Азизжон Комилов ўтказди.
Тақдимотда дзюдонинг оммавийлигини оширишдан тортиб, асосий жамоага номзод полвонларни саралаб олиш методикаси, пойтахтда мунтазам “Катта дубулға” каби нуфузли мусобақаларни ўтказиш, терма жамоаларга янада кўпроқ хорижлик кучли мутахассисларни жалб қилиш каби мавзулар батафсил кўриб чиқилди. Шунингдек, ҳар бир вазн тоифасида ички рақобатни янада кучайтириш, бир хил савияга эга таркибларни шакллантириш каби таклифлар илгари сурилди.
Шундан сўнг расмийлар Ўзбекистон теннис федерацияга борди.
Қайд этиш жоиз, сўнгги Олимпия ўйинларида ушбу спорт турида Ўзбекистон делегацияси лицензия қўлга кирита олмади.
Суҳбат давомида терма жамоада авлодлар алмашинуви сабаб шундай ҳолат юзага келгани таъкидланди. Ҳозирда бир қатор истеъдодли ракетка усталари етишиб чиқаётгани, улар жаҳон рейтингида юқори поғоналарга кўтарилаётгани қўшимча қилинди.
Ўрганиш ишлари давомида расмийлар ҳар икки федерациянинг моддий-техник базасини кўздан кечирди. Якунда терма жамоаларни замонавий инвентарлар билан таъминлаш бўйича мутахассислардан фикрлар олинди ва тайёрланадиган Президент қарори лойиҳасига таклиф киритилиши билдирилди.