Осиё тараққиёт банки Ўзбекистондаги ваколатхонасига янги раҳбар тайинлади
Жамият
−
14 Июль 2023
3900Канокпан Лао-Арая хоним Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари этиб тайинлади. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 14 июль кунидан бошлаб Лао-Арая хоним ОТБнинг Ўзбекистондаги фаолиятига раҳбарлик қилади ва банкнинг 2023-2028 йилларга мўлжалланган янги шериклик стратегиясини тайёрлаш ва амалга оширишни назорат қилади. ОТБ мамлакатнинг инклюзив ва бозор иқтисодиётига ўтиши, хусусий секторни ривожлантириш, “яшил” трансформация, иқтисодий ва ижтимоий тенгсизликларни қисқартириш, минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни кенгайтириш учун кўмакни кучайтиради.
“Мен ОТБнинг Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бошқаришдан хурсандман. Инвестициялар, билимлар ва хусусий сектор фаолияти орқали биз Ўзбекистонга инсон капиталини ривожлантириш, ташқи таъсирларга чидамлиликни мустаҳкамлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишда кўмаклашишда давом этамиз”, деган Лао-Арая.
Маълумот учун, Лао-Арая хоним Осиё-Тинч океани минтақасида, шу жумладан Марказий Осиёдаги ривожланиш ва иқтисодиёт соҳасида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга. У ОТБга 2001 йилда қўшилган ва шу вақтдан бери банкда бир қатор раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Тайинланишидан олдин у Қирғизистон Республикасидаги ваколатхона директори бўлиб, у ерда банк фаолиятини бошқарган.
Таиланд фуқароси Лао-Арая хоним АҚШнинг Индиана университети (Блоомингтон) иқтисод фанлари доктори ва магистри ҳамда Таиланддаги Чулалонгкорн университетининг иқтисод бўйича бакалавр даражасига эга.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда қўшилган. Бугунги кунга келиб, ОТБ Ўзбекистонга давлат секторида жами 11,5 млрд АҚШ доллари миқдорида 240 та кредит, грант ва техник ёрдам ажратган.
LiveБарчаси