Осиё кубоги U-23: Саудия Арабистони Ўзбекистонни мағлуб қилиб, чемпионликни қўлга киритди
Спорт
−
19 Июнь 2022
14532Осиё кубоги U-23: Саудия Арабистони Ўзбекистонни мағлуб қилиб, чемпионликни қўлга киритди
Бугун, 19 июнь куни Тошкентдаги "Бунёдкор" стадионида ўтган Осиё кубоги U-23 нинг финал учрашувида Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистони термасига қарши майдонга тушди.
Баҳснинг дастлабки дақиқаларида иккала жамоа ҳам эҳтиёткор ҳаракат қилди. Бироқ 1-бўлим ўрталарига келиб, ўзбекистонлик футболчилар ташаббусни ўз томонларига оғдиришди. Саудияликлар эса ҳимоядаги ўта тартибли ўйини билан ажралиб турди. 38-дақиқада Ўзбекистон терма жамоаси дарвозасига пенальти белгиланди. Бироқ саудиялик футболчилардан бири ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганлиги сабабли вазиятга VAR аралашиб, 11 метрлик жарима зарбаси бекор қилинди ва иккала томон учун ҳам қийин кечган биринчи таймда 0:0 ҳисоби сақланиб қолди.
Иккинчи бўлимни саудиялик ўйинчилар ўта ҳужумкор руҳда бошлади. Уларнинг ҳаракатлари 49-дақиқада ўз самарасини берди. Аҳмед ажойиб тарзда Ўзбекистон дарвозасини ишғол қилди. Ҳисобда ортда қолишни бошлаган Кападзе шогирдлари ҳужумлар сонини кўпайтиришга уринди. Бироқ араб ўйинчилар майдон маркази ва ҳимояни "бетонлаб" ташлади. Шу сабабли ўзбекистонлик ёшларнинг ҳужумлари кескин кўриниш олишга улгурмай тўхтатилди.
62-дақиқада Жасур Жалолиддинов томонидан берилган даҳшатли зарбага бирозгина аниқлик етишмади. 74-дақиқада Ферас ҳужумга берилиб кетган ўзбекистонликларни қарши ҳужумда жазолади ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтириб қўйди. Шундан сўнг, руҳий устунлик араб футболчилари томонга ўтди. Қанчалик ҳаракат қилмасин, Кападзе шогирдлари вазиятни ўнглай олмади ва бутун мусобақа давомида биронта гол ўтказмаган Саудия Арабистони Осиё кубогида зафар қучди.
Маъруф Абдумаликов