Ортиқхўжаевга раҳмат айтган депутат ҳам муддатидан аввал лавозимидан озод қилинди
Жамият
−
28 Январь 2023
20133Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Абдумавлон Қосимов ўз аризасига биноан муддатидан олдин истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'нинг бир-биридан мустақилманбаси хабар берди.
Манбага кўра, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутатнинг, шунингдек, кенгаши котибияти мудири лавозимида ишлаб келаётган Абдумавлон Қосимовнинг муддатидан олдин истеъфога чиқишини бир овоздан маъқуллаган.
Бу ҳақдаги кенгаш қарори эса 27 январь куни бўлиб ўтган 77-сессияда қабул қилинган. Абдумавлон Қосимов бугунгача Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг ижтимоий тармоқлари ҳамда кенгаш сайтини назорат қилиб келган.
Яқинда собиқ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга билдирилган миннатдорлик ҳам айнан унинг ташаббуси бўлиб, бугунги кунда кенгашнинг расмий сайти ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳам фаолиятини бутунлай тўхтатган.
У 2020 йил январь ойида “Адолат” партиясидан 45-Қоратош округи депутати этиб сайланган ва шунга кўра унинг депутатлик ваколати 2025 йилнинг январигача амал қилиши керак эди.
Маълумот учун, Қосимов Абдумавлон Носирович 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. “Saray Plastic” қўшма корхонаси бош директори, тадбиркор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг шаҳар кенгаши депутатлик ваколати муддатидан олдин тўхтатилгани ҳақида ҳам хабар берган эдик.
LiveБарчаси