3 яшар фарзандига зўравонлик қилган аёл оналикдан маҳрум қилиниши мумкин
3-саҳифа
−
18:33 914 2 дақиқа
Тошкент шаҳар Яшнобод туманида 3 ёшли болага мунтазам равишда жисмоний зўравонлик қилгани ва унга ухлатувчи дори бергани айтилаётган она устидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсмани котибиятига бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, қўшниси А.Т. нинг 2023 йилда туғилган ўғли А.И. га нисбатан зўравонлик қилаётганидан шикоят қилган.
Мурожаатда аёл фарзандига мунтазам равишда жисмоний зўравонлик қилиши, шунингдек, болага ухлатувчи дори воситасини бериб, уни қаровсиз ва парваришсиз қолдираётгани билдирилган.
Болалар омбудсманининг расмий сўрови асосида ҳолат ИИБ ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўрганилган.
Ўрганишлар натижасида болага нисбатан муттасил тазйиқ ва қийнаш ҳолатлари юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Болага ҳимоя ордери ҳам расмийлаштирилган.
Ҳозирда боланинг саломатлигини тиклаш учун зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Унинг соғлиғи барқарор ва яхши ҳолатда экани маълум қилинган. Шунингдек, туман васийлик органи томонидан боланинг манфаатларидан келиб чиқиб, унга вақтинча васийлик таъминланган.
А.Т. ни ота-оналик мажбуриятларини бажармагани сабабли оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга тақдим этиш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ болаларга зўравонлик ҳақида хабар бериш учун колл-марказ ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Бунда болага нисбатан зўравонлик, бепарволик ёки унинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатларга гувоҳ бўлганлардан 1246 қисқа рақамли колл-марказига қўнғироқ қилиш сўралган эди.
Live
Барчаси