Ортиқхўжаев Хитой элчиси билан учрашди. Коронавирус ҳақида миқ этилмади
Жамият
−
03 Февраль 2020
11273Бугун, 3 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Цзян Ян билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой, хусусан ХХРнинг йирик провинциялари ҳамда шаҳарлари билан Тошкент ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш масаласи муҳокама этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокимлиги Хитой билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини қадрлаши ҳамда ўзаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари кўп эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, Тошкентда ишлаш ниятида бўлган хитойлик тадбиркорлар борлигини билдириб, улар билан икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ривожлантиришда элчихонанинг амалий кўмаги муҳим бўлишини таъкидлади.
Ўз навбатида ХХРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Ян Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларнинг ижобий самараси, Тошкентнинг тобора янгиланиб, замонавийлашиб бораётган қиёфасини, шаҳримизда яратилаётган қулайлик, имконият ва шароитларни эътироф этиб ўтди.
Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 7,6 млрд АҚШ долларидан ортганлигини маълум қилиб, бу кўрсаткични бир неча баробар ошириш имконияти борлигини айтиб ўтди.
Учрашувда икки томонлама алоқаларни ривожлантириш масаласи атрофлича муҳокама этилди. Ўзаро ҳамкорликда фармацевтика, электроника, қуёш энергетикаси, робототехника, сабзавот ва меваларни қайта ишлаш каби қатор соҳаларни ривожлантириш истиқболли эканлигига эътибор қаратилди.
Шунингдек, томонлар Тошкент шаҳрида хитойлик инвесторлар учун яратилган имкониятларга тўхталиб, Хитой томонидан инвестицияларни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Цзян Ян яқин орада Гуанжоуда Ўзбекистоннинг Бош консуллиги очилиши режалаштирилаётганлигини маълум қилиб, ўзаро ҳамкорликдаги бошқа тадбирларга ҳам тўхталиб ўтди.
Суҳбатда Хитойда пайдо бўлиб, дунёнинг 26 давлатига етиб борган янги коронавирус ҳақида сўз очилмаган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев вирусдан Хитойда 361 киши ўлганига қарамай элчига ҳамдардлигини ҳам билдирмаган.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
Вирусдан ҳалок бўлганлар сони 362 нафарга, у билан касалланганлар сони 17205 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.
LiveБарчаси