Орбан ЕИга Зеленский ва Путин билан учрашувлари ҳақида мактуб ёзди
Олам
−
09 Июль
5504Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украина Президенти Владимир Зеленский ҳамда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувлари ҳақида Европа Иттифоқи ҳамда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишелга мактуб йўллади. Бу ҳақда исми сир сақланишини истаган европалик амалдорга таяниб, “Current Time” хабар берди.
Мактуб жорий йилнинг 5 июль куни, яъни Венгрия Бош вазирининг Москвага ташрифидан сўнг ёзилган. Озарбайжондан юборилган ушбу мактуб Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларига йўлланган.
Нашрнинг ёзишича, Орбаннинг хатида айни устунлик Украина томонида эмас, аксинча, Россия кучлари томонидалиги қайд этилган. Мактубда Россия Президенти Украина Қуролли кучлари йўқотишларини ойига 40-50 минг кишига баҳолаётгани ҳам ёзилган. Бироқ унда Россиянинг йўқотишлари сони тилга олинмаган.
“Россия Президенти Путин Зеленскийнинг вақтинчалик сулҳни рад этганидан ҳайратда қолди. Расмий Москва ўт очишни тўхтатиш бўйича ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёр”, дея ёзган Орбан ўз мактубида.
Бундан ташқари, норасмий мактуб ичида Путин 2022 йилги Истанбул келишувларини ҳамон долзарб деб ҳисоблаши баён қилинган. Орбаннинг сўзларига кўра, Путин билан муҳокама қилган иккинчи ҳужжат бу – Украина инқирозини сиёсий тартибга солиш бўйича Хитой ва Бразилия ўртасидаги умумий келишувларни акс эттирган “Хитой-Бразилия тинчлик режаси” бўлган.
Венгрия Бош вазирининг фикрича, Европа Россиянинг Украинага қарши урушида тинчлик жараёнларини бошлаш учун ташаббус кўрсатиши керак.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 июль куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украина Президенти Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказиш учун Киевга борди. Ғарбнинг Украинага ҳарбий ёрдамини танқид қилган Орбаннинг ташрифи Венгрия Европа Иттифоқи кенгашига раислиги бошланганидан бир кун ўтиб амалга оширилди. 5 июль куни Орбан Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиш мақсадида Москва шаҳрига борди. Орбан эса Путин билан ҳозирги учрашув муҳим эканлиги ва Венгрия тез орада Европада ҳам Россия, ҳам Украина билан мулоқот олиб боришга қодир ягона давлатга айланишини таъкидлаган. 8 июль куни у Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан Пекиндаги Дяоюйтай давлат қароргоҳида учрашиб, унда Си Цзиньпин Хитой ва Венгрия Украина инқирозини ҳал қилишда умумий тамойилларга эга эканини айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Орбан Хитойдан сўнг Вашингтонга бориши хабар қилинганди.