Орбан Эрдўған ва Алиев билан газ таъминоти борасида келишиб олди

Олам

image

Кеча, 20 август куни Будапештда бўлиб ўтган қатор учрашувлар давомида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Туркия ва Озарбайжон етакчилари билан табиий газ етказиб бериш ва турк газини Венгрияда сақлаш борасида келишиб олди. Бу ҳақда Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Бош вазир Виктор Орбан ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ўртасидаги музокаралар якунида айтиб ўтди.

Бугун, 21 август куни Венгрия ҳукумати сайтида маълум қилинишича, икки давлат раҳбарларининг музокараларида Венгрия-Туркиянинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги ва Швециянинг НАТОга киришини ратификация қилиш масалалари муҳокама қилинган. 

Сийяртонинг айтишича, табиий газ етказиб беришнинг муҳим қисми “Турк оқими” қувури орқали Венгрияга етказиб берилмоқда ва Туркиянинг транзит мамлакат сифатидаги роли табиий газни ташиш бўйича Венгрия-Озарбайжон келишуви кучга киргандан ҳамда туркман газининг Европага экспорти бошлангандан кейин янада ортади.

ТИВ раҳбарига кўра, Венгриянинг MVM ва Туркиянинг Botas компанияси ўртасида яқин йилларда 275 миллион метр/куб газ сотиб олиш бўйича келишув имзоланган.

Орбан ҳафта охирида Будапештга борган Президент Илҳом Алиев билан ҳам музокаралар ўтказган ва бунинг натижасида Озарбайжондан 100 миллион метр/куб газ етказиб бериш бўйича келишувга эришган. Шунингдек, Венгрияда 50 миллион метр/куб газни шартнома асосида сақлашга “қўл ташлашгани” айтилмоқда.

Шунингдек, Сийярто агар Украина Россиядан табиий газ транзити бўйича олдинги келишувни бекор қилса, Сербия транспорт йўлини тақдим этишини билдирди.

“Politico” нашри эса Будапешт музокараларини “Орбаннинг газ гамбити” деб атади ва бу Европарламентнинг Озарбайжон элитасига қарши санкциялар учун овоз бериши фонида рўй бераётганини таъкидлади.

Маълумот учун, кеча, 20 августда Будапештдаги музокаралар Венгрия давлатининг ташкил топган куни ва мамлакатда енгил атлетика бўйича бўлиб ўтаётган Жаҳон чемпионати шарафига ўтказилди. Венгрия Бош вазири Орбан Эрдўған ва Алиев билан музокаралардан ташқари Сербия, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистон президентлари билан ҳам икки томонлама учрашувлар ўтказди. Будапештдаги тадбирларда Ғарбий Европа етакчиларидан фақат собиқ сиёсатчилар эътиборга олинди: Австриянинг собиқ Канцлери Себастьян Курц, Словениянинг собиқ Бош вазири Янез Яншу ва Чехия собиқ Бош вазири Андрей Бабиш.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Туркия Озарбайжон Венгрия Орбан Будапешт Турк оқими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг