OpenAI рекламадан 100 млрд доллар ишламоқчи

Олам

image

OpenAI 2030 йилга келиб реклама орқали 100 млрд доллар даромад олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Axios” хабар берди.

Манбаларга кўра, компаниянинг пилот реклама лойиҳаси жуда тез ўсишни кўрсатган. Дастлабки икки ойда у йиллик ҳисобда тахминан 100 млн долларлик тушум келтирган.

Ички ҳисоб-китобларга кўра, реклама даромадлари 2026 йилда 2,5 млрд доллардан 2027 йилда 11 млрд долларга, 2028 йилда 25 млрд долларга, 2029 йилда 53 млрд долларга етиб, 2030 йилга келиб 100 млрд долларга чиқиши мумкин.

Компания ҳисоблашича, шу вақтга келиб унинг хизматларидан ҳафтасига тахминан 2,75 млрд фойдаланувчи фойдаланади ва бу Google, Meta, Amazon ҳамда TikTok каби йирик рақамли бозор иштирокчилари билан рақобат қилиш имконини беради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, чат-ботларда реклама анъанавий рақамли хизматларга нисбатан самаралироқ бўлиши мумкин, чунки фойдаланувчилар ўз эҳтиёжларини аниқ ифодалайди ва бу мақсадли реклама аниқлигини оширади.

Бироқ сунъий интеллект хизматларига реклама жорий этилиши мунозараларга ҳам сабаб бўлмоқда. Танқидчилар бу ҳолат жавоблар нейтраллигига таъсир қилиши ва реклама берувчилар манфаатлари томон оғишга олиб келиши мумкинлигини айтмоқда.

OpenAI эса реклама орқали сунъий интеллект хизматларини кенг омма учун янада очиқ ва қулай қилиш мумкинлигини таъкидлаб, реклама контенти асосий жавоблардан алоҳида кўрсатилади, деб ваъда бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Илон Маск OpenAI бош ижрочи директори Сэм Альтман ва компания президенти Грег Брокманни ишдан бўшатишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

OpenAI

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг