“Open budget”нинг тарғибот босқичи бошланди

Жамият

image

Бугун, 19 август кунидан эътиборан “Очиқ бюджет” порталида “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2025 йилги 2-мавсуми доирасида саралаш босқичи якунланди ва тарғибот босқичи бошланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Вазирликка кўра, 2-мавсум доирасида фуқаролар томонидан 22 минг 623 та таклиф келиб тушган ҳамда 18 минг 656 та таклиф саралаш босқичидан ўтказилган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 19-21 август кунлари “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-мавсуми доирасида саралашдан ўтган лойиҳалар учун 3 кунлик тарғибот босқичи ўтказилади. Бунда ташаббускорлар саралашдан ўтган лойиҳаларни тарғиб қилиш орқали овоз бериш босқичига тайёргарлик кўради.

Маълумот учун, жараёнлар қуйидаги саналарда ўтказилади:

  • Лойиҳа киритиш босқичи – 15 июль -3 август;
  • Саралаш босқичи – 4-18 август
  • Тарғибот босқичи – 19-21 август;
  • Овоз бериш босқичи – 22-31 август кунлари.

Жорий йилдаги 2-мавсум ғолиблари 1 сентябрь – Мустақиллик байрами куни эълон қилинади.

“Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилги 2-мавсуми ҳамда 2025 йилнинг 1-мавсумида (икката мавсумда кетма-кет) ғолиб бўлган 823 та маҳаллага жорий йилнинг 2-мавсуми ҳамда 2026 йилнинг 1 мавсумида танаффус берилади.

Мазкур маҳаллалар (шунингдек, ушбу маҳаллаларда жойлашган мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотлар) навбатдаги икки мавсум доирасида ўз лойиҳалари билан иштирок эта олмайди.

Танаффус бериладиган маҳаллаларнинг тўлиқ рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин: рўйхат.

Ғолиблар рўйхатига аниқлик киритилган ҳолларда ҳар мавсум бошланишидан аввал танаффус берилаётган маҳаллалар рўйхати Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий саҳифалари ҳамда “Очиқ бюджет” порталида эълон қилиб борилади.

Маълумот учун: Наманган шаҳар – “Даштбоғ",  Когон шаҳри – “Нурафшон”  ва  Шуманай тумани – “Бегжап” маҳаллаларининг 2025 йил 1-мавсумдаги лойиҳалари рад этилгани сабабли ушбу маҳаллаларга танаффус берилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ташаббусли бюджет Open budget саралаш босқичи тарғибот босқичи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг