Оммавий тартибсизликлар орқали диний чекловлар ўрнатилишидан манфаатдорлар бор – Қодиров
Интервью
−
01 Апрель 2021
10932ЛГБТ борасидаги провокациялар айнан Ислом динига эътиқод қилувчиларга қаратилган ва уларнинг мақсади мамлакатда диндорларга яратиб берилаётган шароитларга соя солиш. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов билан жонли эфирдаги суҳбатда сўз очди.
“ЛГБТ масаласидаги провокация икки-уч кун аввал бошлангани йўқ. У бир неча ойдан буён давом этаётганди ва провокаторлар томонидан ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётганди. Буни сал совуқ онг билан таҳлил қилинса, провокация эканини билиш мумкин. Ўша провокатор калтакланди. Бутун дунёга бу ҳақда жар солишяпти. Уни гўё жабрланувчи, Ўзбекистондаги жамиятни бетоқат деб кўрсатишмоқда. Бу ишлар Ўзбекистонда нинани учи билан жуда қийинчилик билан шакллантирилаётган эркин жамият, демократик ўзгаришлар муҳитига, яна сиёсий жараёнлар йилида соя солиш мақсадида, бетоқатликка урғу бериш орқали Ўзбекистонда эркин жамият хом хаёл деган фикрни уйғотиш учун қилинмаётганига ким кафолат беради?”, дейди Қодиров.
Кўпгина ҳолларда бу каби воқеалар сунъий равишда кун тартибига чиқарилади ва қайси чекловларни амалга ошириш олдидан жонли факт вазифасини ўтайди. Масалан, кўплаб мамлакатларда диний чекловларни ўрнатиш учун ташқи ва ички кучлар томонидан асосан диндорларнинг нафсониятида ўйнайдиган масалалар ўйлаб топилади ва шу орқали уларнинг намойишга чиқиши ташкил этилади. Қарабсизки, мамлакат аҳоли дин сабаб радикаллашяпти деган иддаолар ўртага ташланади. Хўш, Ўзбекистонга ҳам ЛГБТни тиқиштириш ортида айнан шу мақсад ётмаяптими? Алишер Қодиров бу ҳақда шундай дейди:
“Сунъий равишда муаммоларни яратиш, уларни ечиш учун чекловларни ишлаб чиқиш бизда янгилик эмас. Тарихда буни кўрганмиз.
Менга бир нарса жуда алам қилади. Жуда ёмон мавзуга яна мўмин-мусулмонлар айбдордек ҳаракат бўлди. Нега, бунга сабаб нима? Чунки эътироз билдирган бир гуруҳ “Аллоҳу акбар”, деб бақирди”.
Қодировга кўра, ўтган 4-5 йилда мамлакатдаги ўзгаришлардан энг унумли фойдаланаётган ҳам айнан Ислом динига эътиқод қилувчилардир. Бироқ, улар ўйламай қилинган ҳар бир ҳаракат “диндорлар радикаллашяпти” деган айбловларни илгари суриш ва Ҳукуматни шу орқали чекловлар ўрнатишга ундашга сабаб бўлиши мумкин.
“Бугунги эркинликдан энг яхши фойдаланаётган қатламлардан бири Исломга эътиқод қилувчи мўмин-мусулмонлар. Тан олиб айтишимиз керак, охирги 10-15 йилни кўрдик, Совет даврини кўрганмиз. Ўзбекистонда охирги 4-5 йил ичида динга нисбатан муносабат, эътиқод, исломий амаллар бўйича бундай эркинлик бўлмаган. Энди савол туғилади: бу эркинликни авайлаб-асраш керакми, ё ҳуда-беҳудага ҳуқуққа зид шаклда ишлатиб обрўсини тўкиш керакми? Агар мана шундай хатти-ҳаракатлар бўлаверса, ташқи дунё динга нисбатан муносабатни ўзгартириш учун Ўзбекистон радикаллашяпти деган фикрларни бергандан кейин ўз-ўзидан ҳокимият биз хоҳлаймизми-йўқми, ўзини секин четга тортишни бошлайди. Яъни хавотирга тушишни бошлайди. Ўртага ташланган ҳар қандай саволларнинг бир нечтаси, албатта, хавотир уйғотади”, дейди Алишер Қодиров.
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Қодировнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда Ислом динидан фойдаланиш, уни ўрганиш, тадқиқ этиш, дин ривожига ҳисса қўшиш, маънавий Исломни, унинг асл маърифатини тарғиб этиш борасида катта салоҳият мавжуд. Аммо бу салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаяпти. У сўзида давомида бот-бот тартибсизликларни диннинг номидан амалга ошириш орқали чекловлар ўрнатилишини истаётган бўлиши мумкинлигини қайд этди.
“Оммавий тартибсизликларни динни номидан амалга ошириш орқали бизга берилаётган эркинликни чеклашга мақсади қилинмаган, деб ким кафолат беради. Кимларнингдир ғараз мақсади учун биз яна динимизни қурбон қиляпмизми? Яна эътиқодимизни, авайлаб-асраб ўстираётган эркинлигимизни қурбон қиляпмизми?”, дейди Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 март куни ижтимоий тармоқларда блогер Миразиз Бозоровнинг Амир Темур хиёбонида атрофида ЛГБТ тарафдорлари тўпланиши ҳақидаги видеомурожаати тарқалди. Шу куни хиёбонга бесоқолбозликка қарши бўлган бир гуруҳ фаоллар тўпланди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда улар “Аллоҳу Акбар” деб бақириб юрганини кўриш мумкин эди. Шу куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тартибсизликларда қатнашган 12 кишини қўлга олиб, уларга нисбатан жиноий иш очилганини эълон қилди.
Депутат Алишер Қодиров билан эксклюзив интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.