Омбудсман ойлар ўтиб “анжанча қийноқлар” ҳақида сўз очди
Жамият
−
15 Декабрь 2020
14316Хабарингиз бор, жорий йилнинг 29 май куни соат 22:00 да фуқаро А.Абдукаримов қимматбаҳо тош ўғрилигида гумонланиб, Андижон шаҳар ИИБга олиб келинган ва шафқатсизларча қийноққа солинган. Орадан икки ҳафтага яқин вақт ўтгач, у шифохонада вафот этганди. Худди шунга ўхшаш ҳолат Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБда ҳам кузатилди. Булар эса Янги Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот органларида ҳамон қийноқлар давом этаётганининг яққол исботи бўлди. Андижондаги ҳолат бўйича жорий йилнинг 27 ноябрь куни айбланувчиларга суд ҳукми ўқилди.
Ўтган йилларда Ўзбекистонда тергов ва ҳибсда сақлаш жараёнида қийноқларни йўқ қилиш, инсон ҳуқуқини поймол қилувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатларга нисбатан муросасиз курашиш ҳақида кўп гапирилмоқда, ёзилмоқда. Аммо, натижа... Андижон ва Чироқчи воқеалари мисолида фикр юритсак, натижа қулоқни қоматга келтирадиган чақириқлардангина иборат бўлиб қолаётгандек. Ҳуқуқ-тартибот органларида кўпчилик ҳамон ўзим – ўзимга хон, кўланкам – майдон қабилида иш тутиб, муштумзўрлик билан кун кечираётгандек.
Ўзбекистонда тергов жараёнлари камерали хоналарда ўтказилиши белгиланган, гўё. Агар тергов ўтказиладиган хоналарда камералар бўлса, нега ИИБга фуқаронинг тириги кириб, ўлиги чиқяпти?
QALAMPIR.UZ Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев билан бўлган интервьюда айнан шу масалага тўхталди.
Ушбу видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
“Бизга қийноқлар бўйича бўлган мурожаатларда ҳам айнан шу масалалар кўтарилади. Биламиз махсус терговхоналар мавжуд ва у ерда камералар бор. Ўша гумонланаётган шахс айнан камера бор тергов хонасида сўроқ қилиниши керак. Лекин мурожаатларга эътибор қаратсак, тазйиқ билан боғлиқ ҳолатлар бўлган тергов жараёнлари, афсуски, камерасиз хонада олиб борилган.
Фуқороларнинг мурожатларини ўрганиш жараёнида “ҳуқуқ-тартибот органларида аниқланмади”, деган жавобни оламиз. Юқорида айтилганидек, тергов хоналарида камералар бор, қийноқ жараёни айнан ўша камера бор хоналарда бўлганда, буни кўрган бўлардик”, дейди Омбудсман.
Муҳаммадиев гапни чўзмади. Индаллоси қийноқ ва тазйиқдан фойдаланилаётган терговлар камерасиз хоналарда, ими-жимида бўлаётганини Муҳаммадиев ҳам яхши билади.
“Aфсуски, барча тергов жараёнлари айнан камера бор жойда бўляпти, деб айтолмаймиз. Биргина Aндижон воқеасини олсак: бу воқеа аниқ камерасиз хонада бўлган. Aйнан қайси хонада эканини билмадим, лекин камерасиз хонада. Инсонни бу даражада уриш учун, билмайман қандай [ваҳший] бўлиш керак. Aқлга сиғдиролмайсиз-да”, дейди Улуғбек Муҳаммадиев.
Омбудсманнинг қайд этишича, Ўзбекистонда ислоҳотлар кетаётган бир даврда бу каби ҳолатлар мамлакат имижига таъсир қилади. Муҳаммадиевнинг айтишича, қийноқлар билан боғлиқ воқеаларнинг аниқланиши ва ечим топишида журналистларнинг ўрни каттамиш. Омбудсманнинг-чи? Унинг ўрни қаерда? Уни қачон кўрамиз?
“Бир нарсани алоҳида эътироф этиш керак, бўлаётган воқеаларни оммага етказишда журналистларнинг ҳам ўрни бор. Чунки мана шундай ҳолатларни ҳуқуқни муҳофаза қиладиган ташкилотлар, керак бўлса биз ҳам билмай қолишимиз мумкин. Чунки воқеа ўтиб кетгандан сўнг, жабрланувчиларнинг оиласидан кимдир мурожаат қилади. Лекин ўша пайтдаги далил, исбот йўқ бўлади.
Журналистлар тезлик билан ҳаракат қилгандан кейин ҳамма бу масалага бирдан ёпишди ва бу ошкор бўлди, яширишга имкон қолмади. Энг муҳими, мана шу ҳолатни содир этган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари узоқ муддатга жазоланди, қамоққа тушди”, дейди Улуғбек Муҳаммадиев.
Омбудсман сўзида давом этар экан, ҳар қандай жамиятда инсон ҳуқуқи бузилиши мумкинлиги, лекин бузилган ҳуқуқни тиклаш, уни вақтида химоя қилиш ва инсон ҳуқуқи бузилса жазоси муқаррар эканини тушунтириш кераклигини айтди.
Ушбу видеоинтервьюни QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.