Олмазордаги фожиа: ҳокимлик яширган жабрланувчи ҳақида маълумот берилди
Crime
−
03 August 9051 2 minutes
Аввалроқ, Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Орзу” маҳалласида қурилиш бўлаётган ҳудудда котлован ўпирилиб тушгани, оқибатда бир киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ пойтахт ҳокимлиги ҳолат бўйича эълон қилган муносабатида жароҳатланганлар йўқлигини билдириб, ёлғон ахборот берди. QALAMPIR.UZ манбалари эса воқеа жойидан хабар бериб, жабрланган шахс борлигини билдирди. Ушбу ҳолатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев ҳам QALAMPIR.UZ’га тасдиқлади.
Унинг билдиришича, кеча, 2 август куни соат 18:43 лар атрофида Олмазор туманидаги қурилиш майдонидан “Тез тиббий ёрдам” хизматига чақириқ тушган. 364-бригада шифокори Ғ.Алижонов ва фельдшер Д.Жумаев воқеа жойига ўз вақтида етиб борган.
Чақириқ жойида 2000 йилда туғилган Ш. Ж. кўрикдан ўтказилган. Беморга биринчи ёрдам кўрсатилиб, Тошкент давлат тиббиёт университети клиникасининг травматология бўлимига олиб борилган. Айни пайтда унга стандарт бўйича даво чоралари кўрсатилмоқда.
Қайд этиш жоиз, QALAMPIR.UZ’нинг жароҳатланган шахс борлиги ҳақидаги хабаридан сўнг, пойтахт ҳокимлиги ўзи тарқатган баёнотни ўзгаритиб, унга ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро жабрлангани аниқлангани ҳақида маълумот қўшиб қўйди.

Ўзи нима бўлган эди?
Кеча, 2 август куни Олмазор тумани Беруний кўчасида жойлашган собиқ “Карвонбанк” биноси ўрнида кўп қаватли уйларга туташ тарзда қурилиш олиб борилиши оқибатида ер ўпирилган, кўп йиллик соғлом дарахт қулаб, электр симларини узиб юборган. Оқибатда “Орзу” маҳалласи ва унга туташ ҳудудлар электр энергиясисиз қолган. “Орзу” маҳалласи турғунлари ушбу қурилиш ноқонуний олиб борилаётгани ва ҳудудда бир неча соғлом дарахтлар кесилганидан шикоят қилиб келади. Бироқ бу шикоятлар натижасиз қолмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, вазият Тошкент шаҳар ҳокимининг назоратига олинган бўлиб, унинг топшириғига биноан Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини назорат қилиш инспекцияси, прокуратура органлари, Олмазор тумани ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирокида тезкор махсус комиссия тузилган. Воқеа жойида фуқаролар хавфсизлигига таҳдидни бартараф этиш, хавфли ҳудудни ўраб олиш ва унга киришни чеклаш бўйича бирламчи чоралар кўрилмоқда. Мутахассислар ҳодиса сабабларини, шунингдек, ёндаш ҳудуд, йўл қопламаси ва муҳандислик коммуникацияларининг ҳолатини ўрганмоқда.
Алоқадор МЧЖ мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларида Жиноят кодексининг 257-(меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 192-11-моддаларида (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August