Олмаотада “Марказий Осиё – Россия” форматида вазирлар учрашуви бўлди

Олам

image

Кеча, 11 апрель куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши, шунингдек, “Марказий Осиё – Россия” форматидаги Ташқи ишлар вазирларининг 8-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда МДҲ мамлакатлари интернет порталида хабар берилди.

Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов, Озарбайжон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Самир Шарифов, Арманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Мнацакан Сафарян, Беларусь Ташқи ишлар вазири ўринбосари Павел Утюпин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Аҳмад Гурбанов ҳамда МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этган.

Қайд этилишича, йиғилишда иштирокчилар кун тартибининг асосий масалалари ва турли соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган. Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу МДҲ ўз фаолияти давомида – сўнгги 30 йилда ҳақиқий кучга эга тузилма эканини исботлаганини таъкидлаган. Унга кўра, аъзо давлатлар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик руҳи мустаҳкамланмоқда. Қозоғистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори бўлиб, республика илгари сураётган кўплаб ташаббуслар ҳамкорлар ва ижроия қўмита томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бундай ташаббуслар қаторига кўнгиллилар форуми, кинофестиваль, Ҳамдўстлик ярмаркаси ва МДҲ Академик пойтахти таъсис этилиши киради. 

“Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ташаббуси билан МДҲда ҳамкор ва кузатувчи мақомлари жорий этилди. Биринчи потенциал номзод сифатида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кузатувчи мақомини бериш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, Қозоғистон томонидан илгари сурилган “МДҲ плюс” номли янги ҳамкорлик формати ташаббуси ҳам ишлаб чиқилмоқда”, деди Нуртлеу.

МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилаётган Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Тожикистон раислиги БМТ тамойиллари ҳамда МДҲ асосий ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлаган. Тожикистон раислигининг устувор йўналишлари – минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт-логистика алоқалари ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.

Йиғилишда давлат раҳбарлари муҳокамасига чиқарилиши мўлжалланган қарорлар қабул қилинган. Музокаралар чоғида Тожикистон делегацияси ўз раислигининг асосий йўналишларини баён этиб, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, аъзо давлатлар ўртасида гуманитар ва маданий алоқаларни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, Сирожиддин Муҳриддин кенгаш 2026-2030 йилларда чегаравий хавфсизликни кучайтириш бўйича МДҲ давлатлари ҳамкорлик дастурини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

Шунингдек, МДҲ кўнгиллилар форумига тайёргарлик, ташкилотнинг меъёрий-ҳуқуқий асосини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Аъзо давлатларнинг доимий вакиллари кенгаши фаолиятига, МДҲ қуролли кучлари ўртасида қўшма алоқа тизимини шакллантиришга ҳамда фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш конвенцияларига ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳужжатлар имзоланган. Бундан ташқари, кўнгиллилар форуми арафасида ёшлар ва жамоатчилик ташкилотлари ўртасида мулоқот майдонини шакллантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган. МДҲ институтлари самарали ва барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ташкилотнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга доир қатор ҳужжатлар, жумладан, МДҲ доимий вакиллари кенгаши тўғрисидаги низом, МДҲ қуролли кучлари алоқа тизимини шакллантириш принциплари тўғрисидаги низом, фуқаролик, оила ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам конвенцияларига ўзгартириш киритиш бўйича баённомалар қабул қилинган. Ахборот хавфсизлиги бўйича асосий ташкилотлар таъсис ҳужжатлари ҳам тасдиқланган.

МДҲ Бош котиби Сергей Лебедевнинг маълум қилишича, ҳозирда ҳамдўстлик доирасида турли йўналишлар бўйича 67 та тармоқ кенгаши фаолият юритмоқда, уларнинг аксарияти иқтисодий соҳаларга тегишли. Унга кўра, йиғилишда қабул қилинган қарорлар айнан шу кенгашлар фаолиятини жонлантириш ва уларнинг самарадорлигини оширишга йўналтирилган.

“Ҳурматли дўстлар, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугунги йиғилишда иштирок этган тўққизта давлат Ташқи ишлар вазирларининг барча чиқишларида умумий фикр сифатида қуйидаги ғоя янгради: бу давлатлар МДҲ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш йўлида фаол ҳаракат қилишда давом этади”, дейди Сергей Лебедев.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрь ойида Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Россия Президенти Владимир Путин, Беларусдан Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этган. Учрашувда 2024 йилдаги биргаликдаги ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинган ва кўп томонлама ҳамкорликнинг келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалари кўриб чиқилган.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ Олмаота Марказий Осиё – Россия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг