Олмаотада Хитой ва Марказий Осиё ТИВ раҳбарлари учрашди
Олам
−
26 Апрель 4505 2 дақиқа
Бугун, 26 апрель куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида Ташқи ишлар вазирларининг VI учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Telegram саҳифасида маълум қилди.

Учрашувда Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғизистон ТИВ раҳбари Жээнбек Кулубаев, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу ҳамда Тожикистон ва Туркманистон ТИВ етакчилари иштирок этган.
“Ҳамкасбларимиз билан биргаликда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, савдо ва ўзаро боғлиқликни кенгайтириш, умумий чақириқларга биргаликда ечим топиш масалаларида самарали ва самимий муҳокамалар ўтказдик”, дея ёзган вазир.

Саидовнинг ёзишича, Ўзбекистон ўз қўшнилари ва Хитой билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва минтақада барқарор ривожланишни рағбатлантиришга содиқ қолади.
“Учрашувда илгари сурилган ташаббуслар барча учун умумий фаровонлик йўлида хизмат қилишига қатъий ишонамиз. Барча қатнашчиларга конструктив иштироклари учун миннатдорлик билдирамиз ва келгусида ҳам ҳамкорлигимизни давом эттирамиз”, дейди ТИВ раҳбари.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, томонлар минтақавий хавфсизлик, иқтисодий интеграция, инфратузилма лойиҳалари, транспорт-коммуникация тармоқлари, экология ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган..

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 апрель куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши, шунингдек, “Марказий Осиё – Россия” форматидаги Ташқи ишлар вазирларининг 8-йиғилиши бўлиб ўтганди.
Live
Барчаси