Олий суд Россияда “Толибон”га қўйилган тақиқни тўхтатди
Олам
−
17 Апрель 2885 2 дақиқа
Бугун, 17 апрель куни Россия Федерацияси Олий суди Бош прокурорнинг Россияда “Толибон” ҳаракати фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш ҳақидаги маъмурий даъвосини қаноатлантирди.
“Россия Федерацияси Олий суди қарори билан террорчи деб тан олинган ташкилотларнинг ягона федерал рўйхатига киритилган “Толибон” ҳаракати фаолиятига илгари ўрнатилган тақиқ тўхтатилди”, дея эълон қилди судья Олег Нефёдов.
Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Ҳужжат 2024 йил декабрида кучга кирган, террорчилик рўйхатига киритилган ташкилотлар фаолиятини тақиқлашни вақтинчалик тўхтатиб туриш имконини берувчи ҳуқуқий норма бўйича қабул қилинган биринчи қарор бўлгани айтилмоқда. Қарор эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.
“Россия Федерацияси Олий суди қарори билан террорчи деб тан олинган ташкилотларнинг ягона федерал рўйхатига киритилган “Толибон” ҳаракати фаолиятига илгари ўрнатилган тақиқ тўхтатилди. Қарор дарҳол қонуний кучга киради”, дейди судья.
2024 йил декабрь ойи охирида Россия Президенти Владимир Путин террористик ташкилотларнинг ягона рўйхатига киритилган ташкилот фаолиятини тақиқлашни вақтинчалик тўхтатиб туриш имкониятини белгиловчи қонунни имзолади. Ушбу нормалар, Давлат Думасининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкийнинг тушунтиришича, Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган “Толибон” ҳаракати билан қонуний ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Президент томонидан имзоланган қонунга кўра, террорчилик ташкилоти деб тан олинган тузилма фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор Россия Федерацияси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарининг аризаси асосида суд томонидан қабул қилинади.
Фаолиятни тақиқлашни тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд қарорининг нусхаси кучга кирган кундан бошлаб беш кун ичида террористик ташкилотлар рўйхатини ўзгартириш учун Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизматига юборилади.
Россия Федерацияси Бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, судга мурожаат қилишнинг ҳуқуқий асоси ўтган йилнинг декабрь ойида Россия Федерациясининг Маъмурий процессуал кодексига ва "Терроризмга қарши кураш тўғрисида"ги федерал қонунга киритилган ўзгартишлар бўлди.
“Улар терроризмни тарғиб қилиш, оқлаш ва қўллаб-қувватлаш ёки Россия манфаатларига қарши террорчилик жиноятларини содир этишга қаратилган фаолият тўхтатилган тақдирда террористик ташкилотга нисбатан тақиқни тўхтатиб туришга рухсат беради. Ваколатли органларнинг маълумотларини инобатга олган ҳолда, суд мажлисида кўрсатилган ҳолатлар тасдиқланди ва суд Россия Бош прокурори томонидан берилган даъво асосли деган хулосага келди. Қарор дарҳол амалга оширилиши керак”, дейилади назорат агентлиги хабарида.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь