Олий суд Пленуми янги қарорларни қабул қилди

Жамият

image

Бугун, 3 июль куни Олий суд раиси Робахон Маҳмудова раислигида Олий суд Пленуми мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мажлисда Олий Мажлис палаталари аъзолари, судьялар, Бош прокуратура, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Адвокатлар палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ҳуқуқшунос олимлар иштирок этган.

 “Бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида одил судлов изчил рақамлаштирилмоқда, суд жараёнлари очиқ, шаффоф ва назоратли бўлиб бормоқда. Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганларидек, одамлар судга охирги умид сифатида келади ва суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Янги Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига ишонч ҳосил қилиши керак. Бундай ишончни қозониш учун суд амалиётини тўғри йўлга қўйиш ҳамда қонуний, адолатли ва асослантирилган қарор қабул қилинишини таъминлаш талаб этилади. Шу сабабли, Олий суд Пленуми томонидан бериладиган тушунтиришлар катта аҳамиятга эга”, дейди Олий суд раиси.

Йиғилишда Олий суд Пленумининг “Судлар томонидан фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш амалиёти тўғрисида”, “Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан даъвони таъминлаш (дастлабки ҳимоя) чораларини кўришнинг айрим масалалари тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинган.

Қайд этилишича, қабул қилинган қарорлардаги тушунтиришлар келгусида қонунчилик нормаларини тўғри ва бир хилда қўллашга хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилиниши билан бир қаторда судлар томонидан қонун нормалари бир хилда талқин қилиниши ва ягона суд амалиётини яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Олий суд Пленуми мажлиси Ўзбекистоннинг суд тарихида биринча марта онлайн эфирга узатилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг