Олий суд Мубашшир Аҳмад иши юзасидан судга босим ўтказмасликка чақирди

3-саҳифа

image

Бугун, 19 август куни жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида диний олим ва блогер, “Azon Global” ахборот-таҳлилий портали асосчиси Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланганди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов эса оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлардан мазкур иш доирасида судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимолини юзага келтиришдан тийилишини сўради. 

Унинг қайд этишича, судланувчи айбсизлик презумпциясига асосан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан айблари аниқланмагунча айбсиз ҳисобланади. Шу боис, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларидан Алишер Турсуновнинг айбли ёки айбсизлиги юзасидан турли тахмин ва шубҳа-гумонларга берилмасликлари, шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликлари сўралган. Чунки судланувчининг айблилик масаласига фақатгина суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилади.

“Шу ўринда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлардан суднинг одил судловни таъминлаш борасидаги беғаразлиги ва холислигини гумон остида қолдирувчи чиқишлар қилиб, судга нисбатан ижтимоий босим эҳтимолини юзага келтиришдан тийилишлари сўралади”, дейди матбуот котиби.

Азиз Обидов “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 66-моддаси талабларига мувофиқ оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин, таъсир кўрсатишга ҳақли эмаслигини эслатган.

Маълумот учун, ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг судьяси Б. Раҳимов раислигида кўриб чиқилмоқда. Тергов органининг айблов хулосасига кўра, Алишер Турсунов Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. Айни пайтда судланувчига “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Алишер Турсунов Истанбулнинг Боҳчашеҳир мавзеидаги уйидан гумонланувчи сифатида олиб кетилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик, ижтимоий тармоқларда Турсунов Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Алишер Турсуновни Туркиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини расман тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мубашшир Аҳмад Алишер Турсунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг