Олий Рада янги қонун ва тақиқларини эълон қилди
Олам
−
29 Май 2023
6737Бугун, 29 май куни Олий Рада йиғилишида қатор масалалар юзасидан муҳим қарорлар чиқарилди. Бу ҳақда Украина парламенти депутатлари маълум қилди.
Хусусан, Олий Рада депутати Алексей Гончаренко ўз Telegram-каналида Украинада Ғалаба кунини 8 майга кўчирилганини ёзган.
“8 май – Расман Хотира ва Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган ғалаба куни. Европа давлатларида нацизм устидан қозонилган ғалаба ҳар йили 8 майда, фашистлар Германияси таслим бўлган куни нишонланади. Шундай қилиб, Украина демократик дунёга қўшилади”, дейди депутат.
Шунингдек, Олий Радада Украина ва Беларусь ўртасидаги фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги битимни денонсация қилиш учун овоз берилган.
Айтиш жоизки, 2022 йил баҳоридан бери Украина ҳукумати Беларусь билан кўплаб ҳамкорлик шартномаларини денонсация қила бошлаган. Хусусан, жорий йилнинг апрель ойи бошида Украина Вазирлар Маҳкамаси 1995 йил 14 декабрда Киевда Беларусь ҳукумати билан имзоланган фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасидаги ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисидаги шартномани денонсация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган.
Бундан ташқари, Олий Рада 2022 йил 1 декабргача Альфа-Банк Украина деб номланган Sense Bank’ни миллийлаштиришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини маъқуллаган.
“Ниҳоят, Рада иккинчи ўқишда Украинанинг айрим қонун ҳужжатларига ҳарбий ҳолат шароитида банкни бозордан олиб чиқиш тартибини такомиллаштириш бўйича ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Қонун лойиҳаси Украина Миллий банкига санкцияланган мулкдорлар банкларини миллийлаштириш имконини беради”, деб ёзади депутат Ярослав Железняк ўз Telegram-каналида.
Шу билан бирга, Олий Рада Украинада дрон ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича иккита қонун лойиҳасини қабул қилган. Депутат Гончаренконинг ёзишича, янги қонун корхоналарни ҳарбий ҳолат даврида қўшилган қиймат солиғи ва ўз ишлаб чиқариш фаолияти учун олиб кириладиган дронларнинг бутловчи қисмларига қўйилган божларган озод қилади.
Маълумот учун, жорий йилнинг февралида Украина ҳукумати Экспорт назорати давлат хизматидан рухсат олмасдан, дронлар ва улар учун эҳтиёт қисмларни мамлакатга олиб киришга рухсат берган. 28 январь куни Украина Мудофаа вазирлиги 2023 йилда мамлакат Қуролли Кучлари учун учувчисиз самолётлар хариди кўпайиши, бунинг учун 544 миллион долларга яқин маблағ ажратилишини маълум қилган.
Бундан ташқари, Украина парламенти Киев томонидан Эронга қарши 50 йил муддатга санкциялар жорий этиш ҳақидаги қарорни ҳам ёқлаган. Тегишли қарор учун 328 депутат овоз берган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 май куни Украина Президенти Владимир Зеленский Олий Радага Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қарорини маъқуллаш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини тақдим этганди. Санкциялар Эрон билан савдо операцияларини тўлиқ тақиқлаш, Эрон фуқароларининг Украина ҳудуди орқали ресурслар транзити, рейслари ва ташишларини тўхтатиш, Киевнинг Эрон фуқароларига нисбатан иқтисодий ва молиявий мажбуриятларини бажаришдан бош тортиши, технологиялар ва интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни уларга ўтказиш тўғрисида тақиқни назарда тутади. Бундан ташқари, Украинада Эрон фуқароларининг электрон тўловларига хизмат кўрсатилмайди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь