Олимпиада саволлари интернетда тарқалиб кетди
Жамият
−
15 Октябрь 6378 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда математика фанидан олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи саволлари олимпиададан олдин Республика бўйлаб тарқалиб кетди. Ҳолат юзасидан Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги муносабат билдирди.
Қайд этилишича, олимпиада саволлари Фан олимпиадалари маркази томонидан тузилган ва ҳар бир ҳудудда (ҳудудий бошқармаларда) марказлашган ҳолатда чоп этилган. Ҳудудлардаги Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаларида ташкил этилган штабларда саволлар чоп этиш жараёнида айрим ходимлар саволлардан ноқонуний тартибда намуна олган ва тарқатган.
Шу сабабдан агентлик математика фанидан олимпиаданинг туман (шаҳар) босқичи ҳар бир синф кесимида (9-10-11-синф) қайта ўтказилишини маълум қилган.
“Ҳозирда бу ҳолатга сабабчи шахсларни қидириш бошланган ва улар амалдаги қонунчилик доирасида жавобгарликка тортилади. Фан олимпиадалари маркази барча босқичларда жараёнларнинг шаффоф, адолатли ва холис ташкил этилишидан манфаатдордир”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Шунингдек, агентлик фуқаролардан агар кимдир олимпиада саволлари ёки жавобларини пул эвазига таклиф этса, жараёнларга таниш-билишчилик ёки ноқонуний таъсир кўрсатиш ҳолатлари бўлса, дарҳол Фан олимпиадалари марказининг махсус боти ёки ишонч телефон рақамларига мурожаат қилишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларига кириш учун имтиҳонлар бошланиши билан ижтимоий тармоқларда тест саволларининг суратлари тарқалган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси