“Арча байрамни бузиб қўйганмиз”. ДТМ тест саволлари интернетга сизганига муносабат билдирди

Жамият 48338
image
-

Бугун, 8 август куни Ўзбекистонда давлат олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари бошланди. Имтиҳонлар бошланиши билан ижтимоий тармоқларда тест саволларининг суратлари тарқалди. Суратларга “арча байрами бошланди” деган изоҳ қолдирилганди.

Давлат тест маркази тест саволлари сурати тарқалганига муносабат билдириб, "арча байрам бошланмасдан тугатилганини" таъкидлади.

"Айрим телеграм каналлар ёзганидек ҳеч қандай арча байрам бошлангани йўқ. Арча байрамни бузиб қўйганимиз учун “узр сўраймиз”. Абитуриент телефон олиб киришни уддаласа, Давлат тест маркази уларни аниқлаб, четлатишни уддалайди.

Марҳамат, сизлар турли расмларни телеграм каналларда эълон қилишда давом этаверинг, биз эса барчаси назоратда эканини кўрсатиб берамиз ҳамда жараёнлар шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаймиз", дейилади ДТМ хабарида.

Маълум қилинишича, кимё фанидан саволлар акс этган, лекин тест топшириқлари рақами кўринмаган китобча 8 август куни Фарғона вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдаланаётгани аниқланиб, далолатнома асосида тест синовларидан четлаштирилган.

Шунингдек, математика фанидан саволлар акс этган, лекин тест топшириқлари рақами кўринмаган китобча эса диагностик тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур тест топшириқлари китоби 8 август (бугун) куни ўтказилган олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тааллуқли эмас.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 2401
Рейтинг: 3.1
t
×