Олимлар пандемия ва иқлим ўзгариши ўртасида боғлиқликни аниқлади

Олам

image
Буюк Британиянинг Кембриж университети, Германиянинг Потсдам иқлим ўзгаришини ўрганиш институти ва АҚШнинг Гавайи университети олимлари Хитойнинг жанубидаги иқлим ўзгариши ва COVID-19 пандемиясини келтириб чиқарган SARS-CoV-2 вируси пайдо бўлиши ўртасидаги боғлиқликни аниқлади. Бу ҳақда Кембриж университетининг баёнотида маълум қилинган.

“Тадқиқот натижасида ўтган юз йилликда Хитойнинг жанубий Юньнань вилояти ҳамда Мьянма ва Лаос атрофидаги ҳудудларда ўсимликлар туридаги кенг кўламли ўзгаришлар аниқланди”, дейилади баёнотда.

Маълум қилинишича, ўсимлик ва дарахтларнинг ўсишига таъсир қиладиган иқлим ўзгариши, шу жумладан ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, қуёш нури ҳамда атмосферадаги карбонат ангидрид миқдорининг ортиши каби омиллар тропик буталардан тортиб тропик саванналар ва баргли ўрмонларга қадар флора ва фаунанинг табиий муҳитини ўзгартирган.

“Ўсимлик дунёси табиий муҳитининг ўзгариши натижасида ўрмонларда яшовчи кўршапалакларнинг кўп турлари учун қулай яшаш муҳити пайдо бўлди”, дейилади хабарда.

Баёнотга кўра, тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўтган юз йил давомида 40 турдаги кўршапалаклар Жанубий Хитойнинг Юньнань провинциясига кўчиб ўтган ва улар ўзлари билан коронавируснинг яна юзга яқин турини олиб келган.

Олимларнинг фикрига кўра , кўршапалакларнинг бошқа жойларга кўчииши ҳайвонлар ва вируслар ўртасида янги ўзаро таъсирга олиб келган, натижада кўпроқ зарарли вируслар пайдо бўлган ва тарқалган.

Дунё кўршапалаклари тахминан 3 мингдан ортиқ коронавирус турининг манбаи ҳисобланади. Бир дона кўршапалак ўзида ўртача 2,7 турдаги коронавирусни олиб юриши мумкин.

“Иқлим ўзгариши натижасида маълум бир минтақада кўршапалак турлари сонининг кўпайиши зарарли коронавируснинг пайдо бўлиши, тарқалиши ёки ривожланиши эҳтимолини ошириши мумкин”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Коронавирус "ўчоғи" бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрига йўл олган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари вируснинг келиб чиқишини ўрганишда "муҳим далиллар" топди.

Маълумот учун, коронавирус “ўчоғи” бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрь ойида бошланган эди. Шундан сўнг, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойда ушбу вируснинг тарқалишини 2020 йилнинг 30 январида фавқулотда вазият, 11 мартида эса пандемия, деб эълон қилди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой коронавирус COVID-19 пандемия

Баҳолаганлар

131

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг