ЖССТ миссияси Уханда “муҳим далиллар” аниқлади

Олам 36287
image

Коронавирус "ўчоғи" бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрига йўл олган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари вируснинг келиб чиқишини ўрганишда "муҳим далиллар" топди. Улар Хуанань денгиз маҳсулотлари бозорида аниқланган. Бу ҳақда 14 кишидан иборат ЖССТ миссиясига ёрдам бераётган америкалик зоолог Питер Дашак маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, олимлар Ухань вирусология институтига, Хуанань денгиз маҳсулотлари бозорига ҳамда янги гўшт, балиқ ва денгиз махсулотлари сотиладиган шаҳарнинг энг йирик Байшачжоу бозорига ташриф буюрган. 

Бундан олдин эса ЖССТ миссияси Ухань шаҳридаги коронавируснинг илк беморлари даволанган иккита шифохонада ҳам бўлган. 

Унга кўра, халқаро миссияга сўнгги бир неча ой ичида ўз тадқиқотларини олиб борган хитойлик олимлар ёрдам берган. 

“Биз ҳар куни улар билан бирга маълумотларни кўриб чиқдик, сўнгра муҳим жойларга ташриф буюрмоқчи эканимизни айтдик. Улар рўйхат сўради. Биз қаерга бориш ва кимлар билан учрашиш борасида ўз таклифларимизни бердик. Биз рўйхатимиздаги барча жойларни ўрганиб чиқдик ва улар бундан жуда хурсанд бўлди”, деган у. 

Олимнинг сўзларига кўра, миссия делегатлари уч гуруҳга бўлиниб ишлаган. 

Олимнинг таъкидлашича, Хуанань бозорида ўтказилган сўров давомида мутахассислар “муҳим кўрсатмаларни” топган. 

“Озиқ-овқат бозори коронавирус юқтириш ҳолатлари аниқлангандан сўнг дарҳол ёпилганига қарамай, у ҳали ҳам бузилмаган”, деган Дашак. 

Унга кўра, олдин бозордан намуналар олган хитойлик олимлар SARS-CoV-2 излари топилган жойларни аниқлаган. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларига ҳам фойда келтирган. 

“Энди биз ўша пайтда билмаган нарсамизни биламиз, яъни, касалликни оғир турига чалинган беморлардан олдин ҳам, коронавирус билан оғриганлар бўлган. Фақат уларда касалликнинг ҳеч қандай аломатлари кузатилмаган ёки уларни оддий шамоллашдан фарқлаб бўлмаган. Шунинг учун шифохонага ётқизилган беморлардан ташқари бошқа касаллар ҳам бўлгани ажабланарли эмас. Аммо яна қанча одам ва у ўзи қачон бошланган? Бу, биз ҳали ҳам устида иш олиб бораётган масала”, деб тушунтирган зоолог.

Унинг сўзларига кўра, вируслар “чигал дарёлар” бўйлаб тарқалади ва бу йўлни босиб ўтиш қийин, шунингдек, у жуда узоқ вақт олади. 

“Умид қиламанки, сафаримизнинг охиригача бу борада аниқ тушунтириш бера оламиз", деган Дашак. 

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ мутахассислари 14 январь куни Уханга етиб келган. ЖССТ миссияси таркибига Россия, Австралия, Дания, Германия, Кения, Япония, Голландия, Қатар, Судан, Буюк Британия, АҚШ ва Вьетнамдан келган мутахассислар ҳамда уларнинг Хитойдаги ҳамкасблари киради. 

Маълумот учун, коронавирус “ўчоғи” бўлган Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-19 эпидемияси 2019 йилнинг декабрь ойида бошланган эди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1360
Рейтинг: 2.9
t
×