“Олға Қорақалпоғистон” партияси етакчиси устидан суд бошланди

Жамият

image

Нукус воқеаси бўйича айбланувчилар – Аманбай Сагидуллаев ва Ниетбай Уразбаевлар устидан Қорақалпоғистон суди томонидан жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Қайд этилишича, Аманбай Сагидуллаев Жиноят кодексининг 28, 104, 158, 159, 244 ва 244-1-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган бўлса, Ниетбай Уразбаев Жиноят кодексининг 28, 104, 159, 244 ва 244-1-моддалари билан айбланмоқда.

Жиноят-процессуал кодексининг 410-моддаси (суд муҳокамасида судланувчининг иштироки)га асосланиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлгани ва уларни судга келтириш имкони йўқлиги сабабли ушбу жиноят иши бўйича суд муҳокамаси А.Сагидуллаев ва Н.Уразбаевнинг иштирокисиз ўтказилмоқда.

Маълумот учун, Аманбай Сагидуллаев 1967 йилда туғилган бўлиб, ҳозирда Норвегияда яшайди. У “Олға Қорақалпоғистон” партияси етакчиси.

Ниетбай Уразбаев эса 1969 йилда туғилган бўлиб, Қозоғистоннинг Манғистау вилояти “Аллаяр йўли” қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси. У ҳозирда Қозоғистонда яшайди. 

Уларнинг иккиси ҳам қидирувга берилган шахслар рўйхатида туради.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 39 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Нукус воқеаси Олға Қорақалпоғистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг