Оқдарё сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида ёлғон хабар тарқатганлар жазоланди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида жойлашган Оқдарё сув омборида ёриқлар пайдо бўлгани ҳақидаги видео тарқалди. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги муносабат билдирди.

Қайд этилишича, сув омборида ҳеч қандай носозликлар ёки хавфли ҳолат юзага келмаган. Сув сатҳи меъёрий даражада бўлиб, дамба ва унга тегишли инфратузилмалар барқарор ҳолатда ишламоқда. Барча объектлар доимий равишда мутахассислар томонидан назорат қилинмоқда.

“Оқдарё сув омбори стратегик аҳамиятга эга иншоот сифатида қонунчиликка мувофиқ равишда техник кўрикдан ўтказилиб, унинг хавфсизлиги тўлиқ таъминланган”, дейилади ҳокимлик муносабатида.

Жорий йилнинг 13 январь куни ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судида бўлиб ўтган судда ҳолатга қонуний баҳо берилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Унда қайд этилишича, 10 январь куни Иштихон туманида яшовчи, 1988 йилда туғилган Ж.Ҳ. ҳамда Каттақўрғон туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган М.П. сув омборининг жанубий-ғарбий қисми қирғоғида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини ўзларининг телефонларига тасвирга олган. Сўнгра уни “Мана Иштихон тумани сув омборида сув тошиб кетишига оз қолди, сув омборам кетай деди” дея тарқатишган.

Суд уларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топди. Суд қарори билан уларнинг ҳар бирига БҲМнинг 20 баравари миқдорида (7,5 миллион сўм) жарима жазоси тайинлади.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Самарқанд вилояти Оқдарё сув омбори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг