Оқ аслида қора бўлса-чи?! Оқ айиқ аслида қора, эркак денгиз отлари эса туғади: ҳайвонлар ҳақида қизиқ фактлар
Бу қизиқ
−
18 Май 23350 7 дақиқа
Дунё бўйлаб 8 миллиондан ортиқ ҳайвон тури мавжуд бўлган бир пайтда, ҳали кашф этилмаган ғаройиб хусусиятлар ва қизиқарли фактлар етарлича топилади. Энг майда ҳашаротлардан тортиб энг йирик сутемизувчиларгача бўлган ҳар бир тур ўзига хос сирлар ва ноодатий жиҳатларга эга ва бугунги мақолада улар ҳақидаги кўплаб қизиқарли фактлар билан танишамиз.
Оқ айиқнинг териси қора, жуни эса рангсиз

Ишониш қийин, аммо қор каби оқ кўринишига қарамай, оқ айиқларнинг териси аслида қора бўлади. Уларнинг жундек кўринган туклари аслида оқ эмас, балки шаффоф бўлиб, ҳеч қандай ранг пигментига эга эмас.
Айиқларнинг оқ кўринишига сабаб тукларининг ёруғликни қайтариш хусусиятидир. Одам сочи пигментлар туфайли ранг олади, оқ айиқнинг туклари эса фақат ёруғликнинг ўзаро таъсири натижасида оқдек кўринади.
Баъзи кит ва филлар ҳам менопаузага учрайди

Ер юзидаги тахминан 5 мингга яқин сутемизувчилар орасида фақатгина бир нечтаси менопаузани бошдан кечиради. Улар орасида инсон, баъзи кит турлари ва айрим филлар бор. Менопауза бу – ҳаётнинг муайян босқичида насл қолдириш қобилиятининг аста-секин йўқолиб бориш жараёни.
Жирафалар кунига атиги ярим соат ухлайди

Дунёдаги энг бўйдор жонзот жирафалар айни пайтда энг кам ухлайдиган ҳайвонлар қаторига киради. Тадқиқотларга кўра, улар кунига бор-йўғи 30 дақиқа ухлайди.
Шер ва леопард каби йиртқич ҳайвонлар билан тўла хавфли ҳудудларда яшайдиган жирафалар учун тўлиқ уйқу деярли имконсиз. Шунга қарамай, уйқу физиологик зарурият ва жирафалар шундай ҳаётга мослашган.
Бир инсонга бир миллион чумоли тўғри келади

Дунё бўйлаб 12 мингдан ортиқ чумоли тури мавжуд бўлиб, улар Антарктидадан ташқари деярли барча жойларни эгаллаган. Ажабланарлиси шундаки, ҳар бир одамга ўртача бир миллионта чумоли тўғри келади!
Бундан ҳам ҳайратланарлиси, умумий вазн жиҳатидан қаралганда, бутун чумолилар популяциясининг умумий оғирлиги бутун инсоният вазнига тенг.
Шиллиққуртлар бир неча йил ухлаши мумкин

Секин ҳаракатланувчи шилимшиқ шиллиққуртлар аслида ҳайратланарли даражада узоқ вақт давомида ухлай олади. Ишонмаслигингиз мумкин, аммо бир пайтлар ўлик деб ҳисобланган Миср чўл шиллиққурти Британия музейига олиб келинган. Беш йил ўтиб эса бу жонзот уйғониб, ҳаракатга тушган. Улар совуқ ва оғир иқлим шароитларида энергия ва намликни сақлаш мақсадида узоқ муддатли уйқуга кетиши аниқланган.
Баъзи ҳайвон турларида мия йўқ

Ажабланарлиси шуки, айрим ҳайвонлар миясиз ҳам яшай олади! Улар марказлашмаган асаб тизимига эга бўлиб, атроф-муҳитдаги таъсирларга мия иштирокисиз жавоб бера олади. Бундай ҳайвонларга медуза кабилар киради.
Армадиллодан ўқ ўтмайди

Армадиллонинг қаттиқ танаси “остеодерм” деб аталувчи суяк плиталаридан иборат. Бу плиталар кератин билан қопланган бўлиб, унча-мунча ўқни қайтаришга қодир. Бу уларни табиий хавфлардан ҳимоя қилади. Шунингдек, тимсоҳ ва каркидон каби ҳайвонлар ҳам жуда қалин терига эга бўлиб, ўқларга нисбатан чидамли ҳисобланади.
Сигирлар мусиқа эшитганда кўпроқ сут беради

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, юмшоқ ва секин оҳангли мусиқа сигирларда стрессни камайтиради, бу эса сут ишлаб чиқаришни бир неча фоизга оширади. Аксинча, баланд ва тез мусиқа сигирларни безовта қилади ва уларнинг сут беришини камайтиради. Буни ўз сигирингизда синаб кўришингиз мумкин.
Жуфтлашишни хоҳламаган урғочи ўргимчаклар ўзини ўлганга солади

Moorland hawker турига кирувчи ўргимчак урғочиси жуфтлашишни истамаса, ўзини ўликдек кўрсатиб, ерга қулайди ва ҳаракатсиз ётади. Бу орқали эркак ўргимчакларнинг безовта қилишидан қутулади.
Капалаклар оёғи билан таъм билади

Капалак оёқларида хеморецепторлар мавжуд бўлиб, улар ўсимликни оёқ билан “татиб кўради”. Бу уларга тухум қўйиш учун энг мос баргни аниқлашга ёрдам беради.
Дельфинлар бир-бирини исм билан чақиради

Дельфинлар ижтимоий ҳайвонлар бўлиб, улар бир-бирини чақириш учун ўзига хос “ҳуштак”лардан фойдаланади. Бу исм вазифасини бажаради. Жониворлар бу орқали ўз дўстларини чақиради ёки таниб олади.
Дельфинлар пуфферфиш балиғи ёрдамида кайф қилади

Баъзи дельфинлар заҳарли пуфферфиш балиғига эҳтиёткорлик билан тегиб, уларнинг оз миқдорда заҳар ажратишига эришади. Бу заҳар дельфинларга наркотик ва галлюциноген (хаёлий тасвир берувчи) таъсир кўрсатади.
Пуфферфиш балиғи ўзини ҳимоя қилиш учун заҳар чиқаради. Кўп миқдорда истеъмол қилинганида бу заҳар ўлимга олиб келиши мумкин, лекин дельфинлар шунчаки кайф олиш учун керакли миқдорда фойдаланади.
Чивинлар – дунёдаги энг ҳалокатли жонзот

Кўпчилик энг хавфли ҳайвон деганда, акула ёки айиқни тасаввур қилиши мумкин, лекин аслида инсоният учун энг хавфли мавжудот бу чивинлардир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили 725 мингдан ортиқ одам чивинлар орқали юқадиган безгак, денг ва бошқа касалликлардан вафот этади.
Ер юзидаги энг тез югурувчи тирик мавжудот – гепард

Гепардлар соатига 112 км тезликда югура олади. Улар атиги бир неча сонияда 0 дан 96 км/соат тезликка чиқиши мумкин. Бундай эпчиллик гепардларга овда беқиёс устунлик беради.
Фил болалари хартумларини сўриб тинчланади

Инсон боласи бармоғини сўргани каби, фил болалари ҳам тинчланиш ёки овқат сўраш белгиси сифатида хартумларини сўради. Бу ҳаракат одатда кичик филларда кўпроқ кузатилади, аммо баъзида хавотирга тушган катталарида ҳам учрайди.
Эркак денгиз отлари ҳомиладорлик даврини бошдан кечиради ва туғади

Денгиз отлари орасида ноёб ҳодиса мавжуд – айнан эркаклари ҳомиладор бўлади. Урғочи денгиз оти тухумларини эркакнинг махсус халтачасига жойлайди. Бу ерда тухумлар кислород, ҳимоя ва озуқа билан таъминланади. 14–28 кун ичида эркак денгиз оти икки мингтагача бола туғади. Бундай ҳолат бутун ҳайвонот оламида фақат денгиз отларида учрайди. Бу табиатнинг қандай ажойиб ва ғайриоддий эканлигига яққол мисолдир.
Туя қуш тепкиси шерни ҳам ўлдиради

Туя қуш оёқлари ниҳоятда кучли: ҳатто шер каби катта йиртқичларни ҳам ўлдириши мумкин. Узун ва бақувват оёқлар ҳамда ўткир тирноқлар зарба кучини оширади. Улар бу зарбалардан фақат ўзини ҳимоя қилиш учун фойдаланади. Шунинг учун ҳам кўплаб ҳайвонлар улардан қўрқиб қочади.
Қурбақалар музлаб қолса ҳам ўлмайди

Баъзи қурбақалар ўз танасини музлатиб, ҳаётий фаолиятини тўлиқ тўхтатиб қўя олади. Танаси глюкоза ишлаб чиқаради, бу муздан сақловчи табиий модда сифатида ҳужайраларни ҳимоя қилади. Ҳаво исиб кетгач, улар эрийди ва яна нормал фаолиятга қайтади. Бу қурбақаларга қаттиқ совуқда тирик қолиш имконини беради.
Жинсини ўзгартирувчи калтакесаклар

Баъзи эркак соқолли калтакесаклар (bearded dragon) инкубация даврида юқори ҳароратли муҳит (36°C дан юқори)да жинси урғочига ўзгаради. Яъни, улар генетик эркак ҳисобланса-да, биологик урғочига айланади. Қизиқ томони, бундай жинси ўзгарган урғочилар табиий урғочиларга қараганда икки баробар кўпроқ тухум қўяди.
Филлар мотам тутади

Филлар ҳамдардлик ва қайғуни ифодаловчи кам сонли ҳайвонлардан. Ўлиб қолган дўстини кўрса, улар ўша жойга қайтиб боради, сукунатда туради, оҳиста тегинади ва товуш чиқаради. Бу ўзига хос дафн маросими филлар руҳий оламининг қанчалик чуқурлигини кўрсатади. Ҳайвонлар оламида бундай ҳолатлар жуда кам учрайди.
Эркак пингвин урғочисига тош билан хушомад қилади

Эркак пингвин кўз остига олиб қўйган урғочисига турмуш қуриш таклифини кўпинча тош билан билдиради. Бу романтикадан кўра кўпроқ амалий таклифдир.
Пингвинлар тошлардан уй қуришда фойдаланади ва эркак қанчалик яхши ва сифатли тошни танласа, бу унинг шунчалик “яхши эр” эканини англатади. Урғочи пингвин тошни қабул қилса, улар жуфт бўлиб, уй қуришни бошлайди.
Ит бурнининг изи одам бармоқ изи каби бетакрордир

Ит бурнидаги из одам бармоқ изи каби ноёбдир. Ҳар бир ит бурни ўзига хос нақшда бўлиб, бу нафақат уларни таниб олишда, балки уларни излашда ҳам ишлатилади. Бу нақшлар вақт ўтса ҳам ўзгармайди, шунинг учун итларни аниқлашда ишончли усул бўлиб қолади.
Панда яхши парвариш олиш учун ўзини ҳомиладор қилиб кўрсатади

Ҳайвонот боғидаги баъзи пандалар ўзларини ҳомиладор қилиб кўрсатиб, махсус ғамхўрлик олади. Улар ҳомиладорлик ҳаракати ва белгиларини такрорлаб, кўпроқ овқат, ҳаво совиткич ва 24/7 парваришга эришади. Аммо маълум вақтдан кейин текширилганида ҳаммаси ошкор бўлади.