Огоҳлантириш: 15 млн бола интернетда уятсиз контентга дуч келган – UNICEF

Олам

image

Интернетда жинсий зўравонликка дуч келаётган ўсмирлар сони тобора ортиб, ҳар бешинчи 12-17 яшар бола бундай ҳолатга учрамоқда. Бу ҳақда UNICEF ҳисоботига таяниб, “Deutsche Welle” хабар берди.

Қайд этилишича, UNICEF 21 та давлатда қарийб 21 минг нафар интернетдан мунтазам фойдаланувчи ёшлар ўртасида сўров ўтказган. Тадқиқотда 12-17 ёшли ўсмирлар иштирок этган. Сўров натижаларига кўра, 15 миллиондан ортиқ бола интернетда хоҳишидан ташқари жинсий мазмундаги контентга дуч келган.

Тахминан 9 миллион нафар бола жинсий мазмундаги суҳбатларга мажбурланган ёки шахсий суратларини юборишга ундалган. Яна қарийб 4 миллион нафар боланинг жинсий мазмундаги суратлари уларнинг розилигисиз тарқатилган.

Маълум қилинишича, жабрланганларнинг 41 фоизи бошидан кечирган воқеаси ҳақида ҳеч кимга айтмаган бўлса, яна айримлари эса бу ҳақда дўстлари, ака-укалари ёки оналарига мурожаат қилган. Ҳолатлрнинг 1 фоизидан ками ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилинган.

Тадқиқотда интернетдаги бундай тажовузларнинг аксарияти жабрланувчига нотаниш шахслар томонидан содир этилмаслиги ҳам аниқланган. Ҳолатларнинг 57 фоизида тажовуз қилган шахс жабрланувчига аввалдан таниш бўлган. Уларнинг орасида дўстлар, қариндошлар ва романтик муносабатда бўлган шахслар ҳам бор.

UNICEF маълумотларига кўра, бундай ҳолатларнинг 60 фоизи асосан Facebook, WhatsApp ва Instagram платформалари билан боғлиқ. Шунингдек, Snapchat, TikTok ва YouTube ҳам қайд этилган. Сўровда иштирок этганларнинг 14 фоизи онлайн ўйин платформаларида жинсий зўравонликка дуч келганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект, анонимлик ва самарали қонунларнинг йўқлиги рақамли маконда аёлларга бўлган кибертаҳдид ва виртуал зўрлик хавфини ошираётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг