Одамлардан ислом динига оид ноёб китобларни сотиб олиш тартиби белгиланди
Жамият
−
02 Апрель 2019
7011Жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилди.
Мазкур низом 4 бодан иборат бўлиб, 16 моддани ўз ичига олади.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фондини жисмоний ва юридик шахсларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарлар ҳисобига бойитиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сон Қарорининг 3-бандига мувофиқ Марказда ташкил этилган юридик шахс мақомига эга бўлмаган Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ноёб асарларни излаб топиш, танлаш, баҳолаш ва харид қилиш жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сонли қарорига ҳамда ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.
Ноёб асарларни излаб топиш ва аниқлаш Марказ томонидан амалга оширилади.
Марказ томонидан аниқланган ноёб асарларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 483-сонли қарорининг 4-бандига жисмоний ва юридик шахслардан уларда сақланаётган ислом динига оид қадимий, ноёб қўлёзма асарларни харид қилиш, шунингдек уларни баҳолаш мақсадида Марказда тузилган соҳага оид малакали мутахассислардан иборат экспертлар гуруҳига ўрганиш, белгиланган меъёрларга асосан уларнинг ноёблигини аниқлаш ва баҳолаш ҳамда якуний хулоса олиш учун тақдим этилади.
Экспертлар гуруҳи аниқланган ноёб асарларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олиб, уларни белгиланган меъёрларга мувофиқ баҳолайди ҳамда ноёб ҳужжатлар эгаси билан харид қилиш шартномаси ва нархи бўйича музокара олиб боради.
Баҳолаш комиссияси томонидан таклиф этилган нархга ноёб асар эгаси рози бўлмаса, мазкур ноёб асарнинг нархини Марказ ва Экспертлар гуруҳи ноёб асар эгаси билан келишган ҳолда ошириш мумкин.
Музокара чоғида ноёб асарларни харид қилиш бўйича нарх ечими Экспертлар гуруҳи зиммасига юкланади.
Томонларнинг якуний келишувидан келиб чиқиб, Экспертлар гуруҳи ва ноёб асарларнинг эгаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси талабларига мувофиқ дастлабки шартнома тузилади.
Дастлабки шартномада ноёб асарлар эгасининг мажбуриятлари, яъни ноёб асарларни бошқа шахсларга ҳадя қилмаслиги, сотмаслиги ва айирбошламаслиги тўғрисидаги бандлар киритилиши зарур.
Экспертлар гуруҳининг мажлисларини ўтказиш учун кворум унинг таркибининг 70 фоизини ташкил этиши керак. Экспертлар гуруҳининг барча мажлислари ва қабул қилинган қарорлари баённомалар билан расмийлаштирилади. Кўрилаётган масала бўйича қарор Экспертлар гуруҳи аъзолари умумий сонининг кўпчилик овоз бериши билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган ҳолда Экспертлар гуруҳи раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Экспертлар гуруҳи ноёб асарлар бўйича ўтказилган мажлислар қарорлари, тузилган дастлабки шартномалар ва хулосаларни Махсус жамғарма раҳбари – Марказ директорига тақдим қилади.
Ноёб асарларни харид қилиш бўйича экспертлар гуруҳи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни Марказ директори кўриб чиқади ва шундан сўнг молиялаштиради.
Мазкур низомнинг тўлиқ матни билан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида танишишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь