ОЧЛ. “Пахтакор” сафарда мағлубиятдан қутилиб қолди
Спорт
−
07 Ноябрь 2023
4138Бугун, 7 ноябрь куни футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ) гуруҳ босқичининг 4-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Тур доирасида Тошкентнинг “Пахтакор” клуби сафарда Туркманистоннинг “Аҳал” жамоаси билан баҳс олиб бориб, 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этди.
“Ашхобод” стадионида бўлиб ўтган ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи таймнинг 68-дақиқасида Одил Ҳамробеков кераксиз вақтда рақибга нисбатан жуда қўпол ўйнаб, қизил карточка олди ва “Пахтакор”ни қийин вазиятда қолдирди.
81-дақиқада эса мезбон жамоа вакили Алибек Абдураҳмонов 10 киши бўлиб қолган “шерлар” дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Ўзбекистон жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Ҳожимат Эркинов 90+5-дақиқада мувозанатни тиклади.
Шу тариқа “Пахтакор” нақд бўлиб турган мағлубиятдан қутилиб қолди ва дуранг натижа билан қаноатланди.
Маълумот учун, “Пахтакор” 4 очко билан гуруҳда 2-ўринда бормоқда. “Аҳал”да ҳам 4 очко мавжуд, бироқ клуб 3-поғонадан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 ноябрь куни Олмалиқнинг ОКМК клуби сафарда Эроннинг “Сепахон” жамоаси билан баҳс олиб бориб, йирик 9:0 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Шунингдек, Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз уйида БААнинг “Шаржа” клубини қабул қилиб, 1:1 кўринишидаги дуранг натижага эришди. Наманганнинг “Навбаҳор” клуби эса меҳмонда Эроннинг “Нассажи Мозандарон” жамоасига қарши баҳс олиб бориб, 1:3 кўринишидаги ҳисоб билан ғалаба қозонганди.