ОАВ мустақиллиги бўйича Президент қарори, Имоннинг Усмоновага жавоби, Путин ва Трамп учрашуви ва куннинг муҳим хабарлари шарҳи

Жамият

image

Тошкент механика заводи ҳудудида яна 16 та корхона ишга туширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 28 июнь куни Яшнобод туманидаги Тошкент механика заводига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари мазкур технопаркда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Президент корхоналар барқарор ишлаши учун доимий харидор кераклигини, чет эллардаги заводлар билан келишиб, уларга зарур маҳсулот ва эҳтиёт қисмларни тайёрлаб бериш мумкинлигини таъкидлади. Яна янги лойиҳалар ишлаб чиқиш, уларни аҳолининг ишга талаби ва мавжуд ресурслардан келиб чиқиб, оқилона жойлаштириш бўйича топшириқлар берди.

Усмонованинг мурожаатидан кейин Позилжонов ҳам “тавба қилди”

Кеча, 27 июнь куни Юлдуз Усмонова ўзининг ижтимоий тармоғида саҳифасига Гулнора Каримова ҳақида пост қолдирганди.

Бу мурожаатдан кейин бир қатор санъаткорлар, жумладан, бир неча кун олдин “опа”сини соғингани ҳақида ўз ижтимоий тармоғида пост қолдирган Жаҳонгир Позилжонов ҳам узр сўраб, Юлдуз Усмонова томон бўлиб олди.

“Ассалому алайкум Юлдуз Усмонова! Мен билмаган нарсалар бор экан. Ўзим учун тегишли хулоса чиқардим, маслаҳатингиз учун раҳмат. Мен халқимни яхши кўраман ва умримнинг охиригача хизмат қиламан”, деб ёзди Позилжонов Усмонованинг мурожаати остига.

Бизга қўшиқчилар эмас, илм фидойилари керак - Хайриддин Султонов.

Бугун, 28 июнь куни Ислом тараққиёти марказида Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси – Спичрайтер Хайриддин Султонов савол-жавобларда иштирок этди.

Хайриддин Султонов Ислом тараққиёти маркази ва унда ишлайдиган кадрлар бўйича ўз фикрларини билдириб ўтди.

“Ислом тараққиёти марказида бугун ишлайдиган кадрлар борми?! Биз уларни тарбиялашимиз керак. Ислом цивилизацияси маркази ҳақиқий етук, илм фидоийлари маркази бўлиши лозим. Илм машаққатларига ҳақиқатан тайёр бўлган фидойи ёшларни кўпайтиришимиз керак. Бир, икки қўшиқ айтиб юлдуз бўлишга ишқибоз ёшларимиз кўп. Аммо бизга ҳеч нарса бермайди улар. Бизга илмга қизиқувчан ёшлар керак, уларни тарбиялашимиз лозим. Ислом тараққиёт маркази Ўзбекистоннинг янги реннесанс даврини бошлаб беради”, деди Хайриддин Султонов.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 20 млрд долларга яқинлашди.

2019 йилнинг биринчи чорагига кўра, Ўзбекистоннинг жами ташқи қарзи миқдори 19,6 млрд долларни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк тақдим этган ҳисоботда маълум қилинди.

Унга кўра, 7,9 млрд доллар миқдоридаги қарзи хусусий ташқи қарзга тегишли бўлса, 11,7 млрд доллар давлат ташқи қарзига тўғри келмоқда.

Узоқ кутилган воқелик: Путин ва Трамп учрашуви бошланди.

Бугун, 28 июнь куни Япониянинг Осака шаҳрида G20 нинг навбатдаги саммити ўз ишини бошлади.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин саммит олдидан АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашди.

Учрашув аввалида, Трамп Путин билан муҳокама қилинадиган масалалар рўйхатини очиқлаб ўтди. "Бугунги муҳокамамиз савдо, қуролланиш масалалари ва яна бир қатор муаммоларни қамраб олади", деб айтиб ўтди АҚШ Президенти.

Владимир Путин музокаралардан олдин, ушбу учрашувни Хельсинкида бошланган мунозараларни давом эттириш учун яхши имконият деб атади. "Биз Хельсинкидаги учрашувдан сўнг бошқа кўришмадик. Бугунги учрашувда музокараларни давом эттириш учун ходимларимиз бизга яхши имконият яратиб бера олди", дея таъкидлади Россия Федерацияси Президенти.

Имон Юлдуз Усмоновага онасининг кўйлакларини кийиб чиққанини эслатиб қўйди.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани ўғриликда айблагани, хизматини қилиб пулини ололмай юрганларини эслаб, уни қўллаб-қувватлаётган санъаткорларни яхшилаб ўйлаб олишга чақиргани ҳақида хабар берган эдик.
Хонанданинг видеомурожаатидан кейин Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Юлдуз Усмоновага мактуби йўллади.

“...Ўтган йили “Халқлар дўстлиги” саройида берган концертингизда онамнинг “Гули” коллекциясидан либос сўраб, олиб турган эдингиз ва ушбу либосда саҳнага чиққанингиздан ҳам фахрланамиз.

Шунингдек, биз сиздан шахсан онам учун ёзиб ва куйлаган таниқли “Гулисан” қўшиғингиз учун ҳам раҳмат деймиз.

Лекин биз ҳозир очиқчасига, шаффофларча тан олиб айтамизки, сиз халқимизнинг энг ғурурли санъаткорисиз ва сиздан бошқалар ўрнак олади. Сизга Аллоҳ барча қилган яхшиликларингизга яраша ажрини берсин”, деган Имон Каримова.

Мирзиёев ОАВ мустақиллигини таъминлаш бўйича қарорни қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 июнь куни “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади.

Матбуот котиблари Агентлик ёки унинг ҳудудий бўлинмалари хулосасини ҳисобга олган ҳолда лавозимга тайинланади;

Қора қамишда ёнган кафе ярим соат деганда ўчирилди.

Кеча, 27 июнь куни кечаси Тошкент шаҳар Олмазор тумани Қора қамиш даҳасида жойлашган "Шаббода" миллий таомлар кафесида ёнғин чиқди. Ёнғин соат 20:41да келиб чиққан. Ўт кетиши оқибатида кафенинг ички ва том қисми 350 кв метр майдони ёнган.

Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари чақирилган манзилга соат 20:49да етиб борган ва кўрилган тезкор чора ва ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 21:08 қуршаб олиниб, соат 21:18да ўчирилган. Ёнғин жойига 8 та ёнғин ўчириш техникаси жалб қилинган.

Ёнғинда инсонларни ҳалок бўлиш ва тан жароҳати олиш ҳолатлари қайд этилмади. Ёнғинда газ баллони бўлган Cobalt автомобили портлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг