Нурсултон Назарбоев 2023 йилда нималарни йўқотди?
Олам
−
08 Январь
5606Қозоғистонда 2022 йил январдаги норозилик намойишларидан сўнг собиқ президент Нурсултон Назарбоев мунтазам равишда бирор нарсадан – унвондан тортиб, мансабгача маҳрум бўлган. “Orda.kz” нашри 2023 йил Нурсултон Назарбоев учун қандай ўтганини эслади.
Ўтган йилнинг январь ойида парламент бир овоздан Назарбоевни “Элбоши” мақомидан маҳрум қилди. Шундан сўнг, дарҳол Сенат у Қозоғистон фахрий сенатори бўлмаслигини эълон қилди. Кейинчалик эса парламентда бу унвон бутунлай бекор қилинди. Май ойи охирида собиқ президентни ҳақорат қилиш жиноят ҳисобланмаслиги маълум бўлди. Илгари собиқ президентни ҳақорат қилган фуқаролар уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилинарди.
Шунингдек, июнь ойида Молия вазири Назарбоевнинг идораси ва кутубхонаси ёпилишини айтган эди.
29 июнь куни Сенат депутатлари Қозоғистон Республикасининг собиқ президентини унинг шарафига аталган таълим муассасалари – Назарбоев интеллектуал мактаблари ва Назарбоев университети васийлик кенгаши раҳбари мақомидан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Энди бу ваколатлар Қосим-Жомарт Тўқаевга тегишли.
Қайд этилишича, хусусий Назарбоев жамғармаси ҳамон биринчи президент номини сақлаб келмоқда. Унинг асосчиси Нурсултон Назарбоевнинг ўзи. Номини ўзгартирган яна бир таълим муассасаси Биринчи Президент номидаги собиқ Миллий мудофаа университети бўлди. Октябрь ойида у Қозоғистон Республикаси Миллий мудофаа университети деб ўзгартирилди.
Октябрь ойида Сенат Миллий жамғармадан болаларга пул тўлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Мажлисга қайтарди. Хусусан, депутатлар “Қозоғистон Республикасининг махсус давлат органлари тўғрисида”ги қонун нормаларини Конституциядан “Элбоши” тўғрисидаги қонун чиқариб ташлангани муносабати билан мувофиқлаштиришни талаб қилишди. Шу тариқа Нурсултон Назарбоев Миллий жамғармани бошқариш кенгаши таркибидан чиқарилди.
2023 йилдаги яна бир ўзгариш “Самрук-Казина” миллий фаровонлик жамғармаси бошқарув кенгашининг тугатилиши бўлди. Унинг тарқатилиши билан Нурсултон Назарбоев ҳам навбатдаги юқори лавозимидан айрилди.
Йил охирида парламент қуйи палатаси спикери Эрлан Кошановдан собиқ президент Нурсултон Назарбоев номи мадҳия муаллифлигидан олиб ташланиши мумкинми, деган савол берилганди.
“Мавзу бугунги кун тартибида эмас. Вақт кўрсатади", дейди Эрлан Кошанов.
83 ёшли Назарбоев 30 йил давомида республика раҳбари бўлиб ишлаган. 2019 йилда у истеъфога чиқишини эълон қилиб, мамлакатдаги ўзгаришларни давом эттирадиган янги авлод раҳбарларининг ҳокимиятга келиши зарурлигини таъкидлаган.
Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбарининг ваколатлари кейинчалик Тўқаевга Сенат (парламент юқори палатаси) раиси сифатида юклатилди. 2019 йил июнь ойида Тўқаев президентлик сайловларида ғалаба қозонди. 2022 йил ноябрида бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда у 7 йил муддатга қайтадан Қозоғистон Президенти этиб сайланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Egemen Qazaqstan” газетасига берган шов-шувли интервьюсида 2022 йилдаги январь воқеаларида айрим шахсларнинг мамлакатда қўш ҳокимият моделини жорий этишга уринишлари ҳақида ўз фикрини билдирганди.