Нукусда намойишчиларга нисбатан қурол ишлатилгани бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир этилган норозилик намойишларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (ҲМҚО) ходимларининг хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситаларни ишлатгани бўйича жиноят иши очилган. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия сўровига берган жавобида айтилади. 

Қайд этилишича, жамоат тартибини сақлашга сафарбар қилинган ҲМҚО ходимлари томонидан оммавий тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан қурол ва махсус воситалар қўлланилганлиги ҳолатига алоҳида иш юритувига ажратилган жиноят иши доирасида ҳукуқий баҳо берилади.

“2 нафар фуқарони вафоти ҳолати юзасидан ЖКнинг тегишли моддалари билан кўзғатилган жиноят ишлари доирасида прокуратура идоралари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов якунига кўра, айбдор деб топилган шахсларга нисбатан қонуний қарорлар қабул қилиниши таъминланади”, дейилади БПнинг комиссияга йўллаган мактубида.

Хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситаларни ишлатган ҲМҚО ходимларига нисбатан қонуний чора кўрилган тақдирда, уларнинг ишлари очиқ суд мажлисларида кўриб чиқиладими? Ушбу саволга БП қуйидагича жавоб берган. 

“Дастлабки тергов ҳаракатлари якунига кўра, ҲМҚО ходимлари томонидан хизмат ваколатидан четга чиқиб, заруриятсиз куч ва воситалар ишлатилганлиги ўз тасдиғини топиб, суд муҳокамасига юборилган тақдирда, Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда очиқ суд мажлисларида кўриб чиқилади”.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 ноябрь куни 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга доир жиноят иши юзасидан Бухоро вилоят судида суд жараёни бошланди. 

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Д. Тажимуратов, Л. Каллиханова, А. Турданов, А. Сметуллаев, Д. Жиемуратов, Б. Кадирбергенов, Б. Сейтниязов, А. Тоқимбетов, Қ. Сейтимов, А. Нуратдинов, С. Медетов, Н. Найипов, П. Шамшетов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Б. Генжебаев, С. Калилаев, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва А. Адилбеков Жиноят кодексининг 28,104, 104, 159, 164, 167, 227, 243, 244, 244-1, 247 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

20 нафар судланувчига нисбатан "қамоққа олиш", 1 нафарига "уй қамоғи" ва 1 нафарига "жамоа кафиллиги" тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорақалпоғистон воқеалари

Баҳолаганлар

185

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг