Нукусда 22 та “заправка” нархни келишиб оширгани фош бўлди
Жамият
−
16:17 1255 1 дақиқа
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги 22 та автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси газ нархини бир вақтда оширгани учун молиявий жаримага тортилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмитага келиб тушган фуқаро мурожаати асосида шаҳардаги газ тўлдириш шохобчаларида нархлар ўрганилган. Натижада 22 та шохобчада 1 куб метр сиқилган газ амалдаги нархидан ўртача 1 050 сўмгача қиммат сотилгани аниқланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Рақобат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан мазкур корхоналарга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси (Рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни тақиқлаш) асосида иш қўзғатилган. Ишни кўриб чиқиш якунида уларга молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан шохобчаларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.
Маълумотларга кўра, махсус комиссия қароридан норози бўлган 9 та корхона судга мурожаат қилган. Суд томонидан қўмита қарорларининг қонунийлиги тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 58 та савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчасида ўтказилган акциялар текширилиб, 65 та муаммо ва камчилик аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси01 Ноябрь
01 Ноябрь