Нукусда 2 та маъмурий марказ ташкил этилади
Жамият
−
10:26
2360Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида иккита маъмурий марказ ташкил қилинади. Бу ҳақда жорий йилнинг 13 декабрь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Нукус шаҳрининг бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, Нукус шаҳрини комплекс ривожлантириш, қурилиш ишларини режалаштириш, уларнинг сифати ва даражасини ошириш, шаҳарнинг меъморий-режалаштириш қиёфасини ҳамда инфратузилмасини янада яхшилаш мақсад қилинган. Қарор билан шаҳарнинг бош режаси лойиҳасининг асосий ечимлари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланмоқда. 2040 йилгача Нукус шаҳри Нукус тумани ҳудуди ҳисобига 876 гектарга кенгайиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, аҳоли сони 312,4 минг нафардан 400 минг кишига ошади, шаҳар майдони 13,4 минг гектар етади. Мактабгача таълим муассасалари сони икки баравар кўпаяди ва 20,8 мингтани ташкил этади, шифохоналардаги жойлар 3,3 мингдан 9,9 мингтагача ошади. Маиший хизмат кўрсатиш корхоналари 437 тадан 2,8 мингта иш ўринларига кўпаяди. Магистраль кўчаларнинг умумий узунлиги 278 километрни ташкил этади (ҳозирда 90 километр).
Янги бош режага мувофиқ, шаҳарда иккита маъмурий марказ ташкил қилинади. Биринчи маъмурий марказ — шаҳарнинг бугунги кундаги маъмурий маркази ҳисобланиб, Ислом Каримов, Амир Темур ва М.Жуманазаров кўчалари кесишмалари ҳисобланади. Ушбу марказ сақлаб қолинади. Унда жойлашган Савицкий музейи, Хотира майдони, меҳмонхоналар, ІТ-парк, истироҳат боғи ва бошқа маъмурий ва хўжалик биноларини қуриш ва қайта таъмирлаш, эски бино ва иншоотлар ўрнига янги ва замонавий кўп қаватли бинолар жойлаштириш таклифи киритилган.
Кам қаватли уй-жойлар ўрнига кўп қаватли замонавий уй-жой массивларини жойлаштириш режалаштирилган. Е.Алакўз, М.Жуманазаров, А.Досназаров кўчалари бўйида кўп қаватли уйларни жойлаштириш белгиланган. Бош режада ушбу уйларнинг биринчи қаватларида аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш таклиф этилади.
Пиёдалар йўлаклари, дам олиш майдончалари, яшил майдонларни ташкил қилиш, ягона тизим орқали боғлаш ҳамда аҳолига қулай шароит яратиш режалаштирилган. Шаҳарнинг мавжуд ва қўшилаётган ҳудудларидан оқилона фойдаланиш, ҳар бир массивнинг маъмурий марказларида замонавий бино-иншоотларни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ўзига хос меъморий-маданий услубини инобатга олинган ҳолда, аҳолининг турмуш тарзини қулайлаштириш орқали аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлашга эришилади.
Иккинчи маъмурий марказ – шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмидаги Нукус туманига чиқадиган кўчалар ва лойиҳавий кўчалар кесишмасида жойлаштирилади. Nukus city’нинг ушбу марказлари кичик ва ўрта бизнесни, банк филиаллари, тураржой ва жамоат биноларининг бизнесни бошқариш билан боғлиқ объектларни бирлаштиради ва 7 қаватдан 16 қаватгача бўлган объектлар барпо этилади.
Ҳар бир ташкил этилаётган тураржой массиви (маҳалла, кичик туман) аҳолига хизматлар кўрсатиш мажмуаси билан таъминланган. Ҳар бир митти туманда хизмат кўрсатиш меъёрлари ва унда яшайдиган аҳоли сонини ҳисобга олган ҳолда мактаблар, болалар боғчалари, маҳалла гузарлари, кичик майдончалар, яшил майдонлар ва хиёбонлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Маъмурий ва ҳудудий марказларга олиб борувчи йўллар ёқасидаги бинолар ўрнига замонавий лойиҳалар асосида босқичма-босқич қайта қуриш ишлари амалга оширилади ва натижада шаҳарнинг кўриниши янада яхшиланиб, кўчалар обод бўлиши ҳамда аҳоли учун қулай шароитлар яратилишига эришилади.
Тураржой ҳудудлари. Нукус шаҳрининг лойиҳавий чегараси шимолда Нукус тумани ҳамда "Дустлик” канали ўзани бўйлаб, шарқда кичик ҳалқа йўлигача, ғарбда Амударёгача ва жануб томондан саноат ҳудудларигача белгиланган. Шарқий ва жанубий йўналишлар қумлар билан ўралганлиги сабабли янги тураржой массивлари асосан шимоли-ғарбий томонда жойлашади. Шаҳарга қўшилаётган ҳудудлар 876,0 гектар, ҳисобот даврларида бу кўрсаткич 13 383,0 гектарга етади. Кўчаларда транспорт қатновини яхшилаш учун кенгайтириш, кўча юзидаги якка тартибдаги уй-жойлар ўрнига реновация дастури доирасида замонавий ва кўп қаватли уй-жой массивлари жойлаштирилади.
LiveБарчаси