Нукус воқеалари иштирокчиси Шамшетов ҳибсда вафот этди
3-саҳифа
−
06 Февраль 2023
156562022 йил 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар иштирокчиси, Қорақалпоғистон ИИВ Жиноят қидирув бошқармаси бўлимининг собиқ бошлиғи Полат Шамшетов жорий йилнинг 4 февраль куни вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
“2023 йил 4 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига қарашли 4-сонли тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум Полат Шамшетов (Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ собиқ ходими) тўсатдан вафот этган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, ҳодиса жойи Бухоро вилояти прокурори раҳбарлигидаги тезкор-тергов гуруҳи, вилоят ИИБ бошлиғи, суд-тиббий экспертиза мутахассислари ва холислар иштирокида кўздан кечирилган. Кўздан кечириш жараёнларида эса Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича (Омбудсман) Бухоро вилояти минтақавий вакили, Шамшетовнинг адвокати ва яқин қариндошларининг ҳам иштироки таъминланган.
Шунингдек, Бош прокуратура Қорақалпоғистоннинг биринчи президенти Даулетбай Шамшетовнинг (1991 йил 11 ноябрь – 1992 йил 20 июнь) ўғли Полат Шамшетов юрак хуружидан вафот этганини айтмоқда.
“Ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳининг дастлабки маълумотига кўра, марҳум ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги оқибатида вафот этган. Ҳозирда Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дея таъкидлаган Бош прокуратура.
Маълумот учун, суд ҳукми билан Полат Шамшетов Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан айбли деб топилиб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ва ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан ва 6 йил озодликдан маҳрум қилинган эди. У 2 июль куни "одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилгани ва ўзи уларнинг фаол иштирокчиси бўлганлик"да айбланган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 февраль куни Бухорода 39 нафар Нукус воқеаси иштирокчиларига суд жараёни бошланади.
LiveБарчаси