Беҳзод Жалилов Президентнинг собиқ маслаҳатчисини хавфсизлигига таҳдид қилишда айблади
Жамият
−
25 Сентябрь 2023
34636Akfa университети (ҳозирги Central Asian University) нинг собиқ ректори Беҳзод Жалилов ОТМ янги раҳбарияти қўйган айбловларни рад этди. У ОТМ кузатув кенгаши раиси Абдужаббор Абдувоҳидовни обрўсига доғ тушириш ва таҳдидларда айблаб, олийгоҳ ривожига эътибор қаратишини маслаҳат берди ва Президент Шавкат Мирзиёевдан хавфсизлигини таъминлашни сўради. Бу ҳақда Жалилов ўзининг расмий баёнотида ёзди.
Гап шундаки, олдинроқ ижтимоий тармоқларда Central Asian (собиқ Akfa) университети раҳбари ва ота-оналар ўртасида жанжал юз бергани акс этган видеолар тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлганди. Университет матбуот хизмати мазкур ҳолатга расмий муносабат билдириб, айбни собиқ ректор Беҳзод Жалиловга юклаган, уни фирибгарликда айблаганди.
Шундан сўнг Беҳзод Жалилов иккинчи томон сифатида ўз ҳақиқатини жамоатчиликка ошкор қилди. У ўзига қўйилган қонун бузилиши борасидаги айбловларни асоссиз деб атади.
“Университетнинг ҳозирги раҳбарияти мени 2015 йилда ўзим асос солган “Study for Success” компаниясидан Akfa университети билан ўзаро манфаатли битим тузишда, университет таъсисчиларининг олдиндан розилигини олмасдан фойдаланганликда айбламоқда”, дейди Жалилов.
Унинг айтишича, 2021 йилдан бошлаб “Study for Success” МЧЖ республиканинг бошқа кўплаб таълим марказлари сингари университет билан меморандум ва ҳамкорлик шартномаси асосида талабаларни ОТМга, жумладан, “Part time” дастури доирасида тайёрлаган ҳамда қабул имтиҳонларини ташкил этган. Шу аснода Akfa университети “International Foundation Diploma for Higher Education Studies” дастурини тамомлаган талабаларга биринчи босқични ўқимасдан иккинчи босқичга қабул қилинишни кафолатлаган. Чунки мазкур тайёргарлик курси foundation year’га тенглаштирилган. Университет баёнотидан фарқли ўлароқ, Беҳзод Жалилов Akfa университети муассислари, жумладан Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳам мазкур жараёндан хабардор бўлганини ёзган.
“Жаҳонгир Обидовичнинг жияни ҳам ушбу дастурда ўқиган ва ўқиш пулини университет ҳисобига эмас, балки “Study for Success”” МЧЖга тўлаган. Юқоридагиларни инобатга олсак, муассислар бундан бехабар эдилар, дейиш нотўғри”, дейди Жалилов.
Шунингдек, собиқ ректор университет бошқарувидан кетишига сабаб сифатида “ўзини кузатув кенгаши раиси деб таништираётган Абдужаббор Абдувоҳидов билан университет бошқаруви сиёсатида юзага келган келишмовчиликлар”ни кўрсатмоқда.
Жалиловнинг билдиришича, унинг раҳбарлиги даврида муассислар томонидан ваъда қилинган маблағлар ажратилмаган. “Akfa” компаниялар гуруҳи вакиллари ҳеч қандай молиявий ёрдам кўрсатмаган ва Жалиловнинг ўзи университетга 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги ўз маблағини йўналтирган.
“Мен ректорлик лавозимидан озод этилганим ва Абдужаббор Абдувоҳидов (Жаҳонгир Обидовичнинг қудаси) университет ҳаётига фаол аралашуви бошлангач, Университетни молиялаштиришга ёндашувда ўзгаришлар кузатилмоқда. Жаҳонгир Обидович Ортиқхўжаевнинг корхоналари университетдаги ўқув жараёни учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, китоблар ва ўқув материалларини харид қилиш учун фаол маблағ ажратишни бошлади”, дейди собиқ ректор.
Бундан ташқари, Беҳзод Жалилов Абдужаббор Абдувоҳидов ундан халқаро стандартларга мос равишда (мусулмонлар, насронийлар ва буддистлар учун) қурилган ибодатхоналарни ёпишини талаб қилгани, унга нисбатан беҳаё сўзларни ишлатиб, шаъни ва қадр-қимматини камситгани, ҳатто жисмоний зўравонлик билан таҳдид қилганини ёзган.
“Абдужаббор Абдувоҳидов ўз алоқаларидан фойдаланиб, прокурорларни менга нисбатан жиноий иш қўзғатишга том маънода мажбурлаган. Май ойида мени прокуратура сохта айблов, яъни университет маблағларини ўғирлаш бўйича бир неча бор сўроқ қилишди. Бу айбловлар исботини топмади. Июнь ойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари менинг диний ва сиёсий экстремистик исломий ҳаракатларга алоқадорлигим юзасидан текширув ўтказдилар. Бироқ бу айблов ҳам тасдиқланмади. Қолаверса, Абдувоҳидов университетнинг ҳозирда собиқ ходимларини менинг устимдан ариза ёзишга мажбурлаган. Талабни бажармаган ходимларни ишдан бўшатиш билан қўрқитган”, дейди собиқ ректор.
Шунингдек, Жалилов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан унинг ва оиласининг мамлакат ҳудудида хавфсизлигини таъминлашни сўраган.
Маълумот учун, Абдужаббор Абдувоҳидов 2018 йил августидан 2022 йил августигача президент маслаҳатчиси, унга қадар президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, 2011−2012 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, 2002−2011 йилларда Тошкентдаги халқаро Вестминстер университети ректори бўлган.