Собиқ Akfa университетида катта жанжал юз берди
Жамият
−
24 Сентябрь 2023
32849Ижтимоий тармоқларда Central Asian (собиқ Akfa) университети раҳбари ва ота-оналар ўртасида жанжал юз бергани акс этган видеолар тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан университет матбуот хизмати расмий баёнот берди.
Тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, икки йил олдин ушбу университетга ўқишга кирган баъзи талабалар эрталабдан туш вақтигача 10-11 синфда мактабда, кечгача эса университетда ўқишган.
Келишувга кўра, 2 йил ўқишни тугатиб, имтиҳонлардан ўтгандан кейин талабаларни университетнинг 2-курсига қабул қилиш керак бўлган. Аммо ўтган муддат ичида Akfa университети Central Asian University'га айланиб, раҳбарият ҳам ўзгарган.
Эндиликда янги университет раҳбарияти 1-курсдан бошлаб талабаларга ўқиш кераклигини айтган. Шунингдек, 2 йил давомида тўланган пуллар ҳам қайтарилмаслиги билдирилган.
Шундан сўнг, университет расмий баёнот билан чиқди. Унга кўра, бундан икки йил аввал Akfa университетининг собиқ ректори Бекзод Жалилов томонидан “Study for the success” МЧЖни университет таъсисчисидан яширин ҳолда, фирибгарлик йўли билан ўзига қўшимча маблағ ишлаш мақсадида жалб қилган. У амалдаги қонунларга хилоф йўл билан ушбу МЧЖ номидан ота-оналар билан шартномалар тузган.
Шартномага мувофиқ, ота-оналарга уларнинг фарзандлари мактабнинг 10-11 синфларида ўқиш билан бир вақтнинг ўзида Akfa университетининг 1-босқичини ўқиб тугатиши ва мактабни битириши биланоқ университетнинг 2-босқичига қабул қилиниши МЧЖ томонидан ваъда қилинган. Ота-оналар ушбу хизмат эвазига МЧЖ ҳисоб рақамига муайян тўловлар қилган.
“Маълумот учун, “Central Asian University” МЧЖнинг банк ҳисоб рақами “Ўзмиллийбанк” АЖ Яшнобод филиалида очилган. “Study for the success” МЧЖнинг банк ҳисоб рақами эса Тошкент шаҳар “Капиталбанк” амалиёт бошқармасида очилган”, дейилади университет баёнотида.
Шунингдек, масъулияти чекланган жамиятнинг ҳисоб рақамига тушган пул маблағлари Жалиловнинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган МЧЖ томонидан ўзлаштириб юборилган.
“Бироқ ушбу МЧЖнинг Akfa университетига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ўқувчиларни мактабда ўқиб турган вақтида университет дастурларига қабул қилиш ҳам қонунчиликка зид. МЧЖ таъсис ҳужжатидан кўриниб турибдики, у собиқ ректорнинг яқин қариндоши томонидан таъсис этилган, контакт маълумотлари ҳам унга тегишли, ўзини банкларнинг бирида алоҳида ҳисоб рақамлари мавжуд”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, ушбу иш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, туман прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, жабрланувчилар туман прокуратурасига тегишли шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.
Университетнинг маълум қилишича, Бекзод Жалиловнинг қонунга хилоф ҳатти-ҳаракатларидан жабрланган ва қўлида шаҳодатномалари (11-синф) бор талабалар тез кунларда ўрнатилган тартибда университетнинг 1-босқичига қўшимча қабул қилинади.
Аммо университет матбуот хизмати янги ўқув йилидан тўлов-контракт нархи 100 млн сўмгача оширилиши ва олдинги йилги тўловлар қайтарилмаслиги ҳақидаги гап-сўзларга ойдинлик киритмаган.
LiveБарчаси