Норозилик нотасидан сўнг Лавров тожикистонлик мавқедошига қўнғироқ қилди

Олам

image

Бугун, 30 апрель куни Россия томонининг ташаббуси билан Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия ТИВ хабар берди.

Билдирилишича, Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган.

“Тожикистон томонига Россия хизматлари томонидан Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ терроризмнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида қўшимча батафсил тушунтиришлар берилди. “Крокус Сити Ҳолл”даги фожиали воқеалар бизга келаётган чет эл фуқароларини синчиклаб текширишга асосий сабаб бўлди. Кўрилаётган чора-тадбирларнинг вақтинчалик хусусияти, уларнинг муайян миллат ёки динга қарши қаратилмаганлиги, назорат-ўтказиш пунктларидаги вазиятнинг босқичма-босқич нормаллашиши алоҳида таъкидланган”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 26 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имомий Россиянинг республикадаги элчиси Семён Григорьев билан сўнгги бир неча ҳафта ичида Тожикистон фуқаролари Россия Федерацияси давлат чегарасини кесиб ўтишда дуч келган қийинчиликларни муҳокама қилганди. Тожикистон томони фуқароларининг Россияга киришини асоссиз рад этиш ҳолатлари кенг тарқалиб кетганидан хавотир билдирди. 27 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги республика фуқароларига вақтинча Россия Федерациясига бормасликни тавсия қилди. 28 апрель куни расмий Душанбе Россия ҳукумати мингга яқин Тожикистон фуқаросини Москва аэропортларида ушлаб турганини билдирди. Кеча, 29 апрель куни Россия Федерациясининг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьевга “Россия Федерацияси ҳудудида Тожикистон Республикаси фуқароларига нисбатан кескин салбий муносабатнинг оммавий тарзда намоён бўлиши, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кенг миқёсда бузилиши ҳолатлари юзасидан жиддий хавотир билдирган ҳолда” Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг нотаси топширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Тожикистон Сергей Лавров Сирожиддин Муҳриддин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг