Норов АҚШ делегацияси билан ёпиқ эшиклар ортида музокара ўтказди
Жамият
−
24 Май 2022
9137АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу бошлиқ делегация Ўзбекистонга келди. Бугун, 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов америкалик сиёсатчилар билан учрашди.
Учрашувда турли соҳалардаги Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳақида ёпиқ эшиклар ортида сўз борди.
Ташқи ишлар вазирлигига кўра, учрашувда Вашингтон шаҳрида Стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги сессияси ва унинг экспертлар даражасидаги соҳавий учрашувларини ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланган.
“Ўзбекистон ва Қўшма Штатларнинг инфратузилма, энергетика, транспорт, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш соҳаларида аниқ натижаларга эришиш мақсадида “С5+1” (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳамда АҚШ) шаклидаги ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдорлиги қайд этилди.
Мулоқот чоғида минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш, ушбу мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш ва унинг иқтисодий тикланишига ёрдам берадиган лойиҳаларни илгари суриш борасидаги саъй-ҳаракатлари юксак баҳоланди”, дейилади ТИВ хабарида.
Музокаралардан сўнг Дональд Лу Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа олий вакиллари билан ҳам мулоқотларга умид қилишини айтиб, улар олиб бораётган таҳлиллар Марказий Осиё олдингидек эмаслиги ва нархлар кўтарилаётганига ҳам тўхталган.
“Ўзбекистонга қайтганимиздан мамнунмиз. Биз учун Ўзбекистонда жуда ажойиб об-ҳаво ҳозирлашибди (ҳазил албатта). Бугун Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи (Владимир Норов – таҳр.) билан ажойиб музокаралар олиб бордик. Шунингдек, ҳукуматнинг бошқа олий вакиллари билан ҳам мулоқотларга умид қилиб қоламиз. Биз жуда муҳим масалаларда музокаралар олиб боряпмиз. Таҳлилларимиз асосида шуни кўришимиз мумкинки, бугун Марказий Осиё олдингидек эмас. Нархлар ошмоқда. Бизда меҳнат миграцияси бор. Биз ташқи меҳнат жараёнларига ўтяпмиз. Мазкур жараён муносабати билан эса Вашингтондан жуда оддий хабар бор – биз ёрдам беришни хоҳлаймиз. Биз янги ресурслар, янги маблағлар топяпмиз, шунингдек мазкур қийин даврда Марказий Осиё иқтисодиёти барқарор ва кучли бўлиб қолишига ишонч ҳосил қилиш учун техник таъминот излаяпмиз”
Ўзбекистонда сўнги йиллардаги ислоҳотларни баҳолаган Дональд Лу шундай дейди:
"Биз Президент Мирзиёевнинг ислоҳотларини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз.
Ишонамизки, мазкур ислоҳотлар албатта Ўзбекистондаги иқтисодий ўзгариш, иқтисодиётни модернизациялаш, товар айланмаси учун савдо алоқаларини таъминлаш, ва шунингдек, сиёсий ислоҳотлар учун муҳим. Бугун оммавий ахборот воситаларида кўпроқ очиқлик бор, фуқароларнинг сиёсий жараёнларда иштироки кўпроқ. Катта раҳмат, Ўзбекистонда бўлишдан мамнунмиз".
АҚШ элчихонасининг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича делегация Ўзбекистон ҳукумати расмийлари, бизнес раҳбарлари ва фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашиб, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий қадриятлар ва АҚШнинг аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашишини муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Лу охирги марта 2021 йилнинг 13 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлганди. У Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида Стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилишида қатнашган.
LiveБарчаси