Норбоева Қозоғистон Президенти билан учрашди
Жамият
−
06 Ноябрь 2019
4021Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон парламенти делегацияси расмий ташриф билан Қозоғистонда бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан учрашди.
Қозоғистон раҳбари Танзила Норбоеванинг ташрифи парламентлараро алоқаларни ривожлантириши ва давлатлараро муносабатларга қўшимча туртки бериши туфайли катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
“Қозоғистон ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлиб қолмай, балки қатор масалаларда бир-бирини тўлдиради. Шунинг учун муваффақият қозонишимиз муқаррар. Боз устига, биз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳар жабҳада ҳамкорликни ривожлантириш учун фаол ҳаракат қилишга келишиб олганмиз”, деди Қосим-Жомарт Тоқаев.
Қозоғистон Президенти 2018 йилда савдо ҳажми 2,5 миллиард долларга етгани ва жорий йилнинг 9 ойи давомида бу борадаги кўрсаткич ўтган йилгидан ошиб кетганига урғу берди.
Ўз навбатида, Танзила Норбоева самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон Президентига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Танзила Норбоева Қосим-Жомарт Тоқаевнинг давлат раҳбари лавозимига сайланиши унинг аввалги лавозимда тажрибали дипломат, обрў-эътиборли раҳбар ва энг асосийси, Қозоғистонда давлатчиликни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиётни ривожлантириш йўлида кучли сиёсат олиб борган Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоев ғояларини давом эттирувчиси шахс сифатидаги фаолиятининг эътирофи эканини таъкидлади.
Ўзбекистонда бу йил Қозоғистон йили ўтказилиши муносабати билан амалга оширилаётган кенг кўламли тадбирлар халқларимиз яқинлашишига ёрқин мисол бўлаётгани қайд этилди.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижросининг бориши ва кенг кўламли икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Олий Мажлис Сенати делегациясининг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи якунланди.